“Етукликнинг етти сири”

“Манзил сари ошиққан йўловчи қоронғи кечада йўл тополмай қийналганида узоқдан милтиллаб кўринган чироқ шуъласи кўнглига таскин бериб, яна олға юришга ундайди”.

Таниқли публицист ва жамоат арбоби Абдукамол Раҳмоновнинг “Етукликнинг етти сири” номли китобида манзил сари олға интилиб, қийинчиликлар билан кўзлаган мақсадига эришган Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродовга бағишланган чизгилари шу сўзлар билан бошланган.

Китобдан ўрин олган очерк ва қиссаларнинг ҳар бири ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу етти бадиий асарнинг етти қаҳрамони ўз касбининг фидойилари, меҳнати билан кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган ҳақиқий қаҳрамон юртдошларимиздир.

Муаллиф таърифи билан айтганда, қалбида қуёши бор инсон Ҳасан Нормуродов, умидвор кўзларга нур улашган Холиджон Комилов, ҳар бир ўқувчисини ўз фарзанди деб билган Муҳаббат Шаропова, одил судловнинг ўчмас чироғи Убайдулла Мингбоев, ер қаъридан зиё топган қадимшунос Мавлон Жўрақулов, ҳаёт йўли – илм, мақсади – илмдаги ҳақиқат, амали - адолат бўлган Абдулазиз Мансуров, бешикдан қабргача меҳнат гулханларида тобланган Бектош Раҳимов каби улуғларимиз босиб ўтган йўллар ибратли китоб. Зеро, бугунги кун ислоҳотларига камарбаста бўлиш учун бундай фидойи инсонларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш, улардан тегишли хулосалар чиқариш айни муддао.