Европа Иттифоқи: Минтақамиз равнақи йўлидаги муҳим шерик
Бу йил Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Алоқаларимиз йилдан-йилга жадал тус олиб, турли соҳаларда ривожланиб бормоқда.
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик жараёнларини самарали қўллаб-қувватламоқда. Яқин орада ҳамкорлик учун яна бир майдон яратиш режалаштирилган. Самарқанд шаҳрида “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” биринчи расмий саммити бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли тадбир дўстона алоқаларимизнинг янги саҳифасини очиши, шубҳасиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйенга унинг ушбу лавозимга қайта сайлангани муносабати билан йўллаган табригида ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кенг қамровли муносабатлари сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтарилгани, мамлакатимиздаги ортга қайтмас тус олган демократик ва иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда Европа комиссияси раҳбарининг улкан ҳиссаси борлиги эътироф этилган.
Дарҳақиқат, 27 мамлакатни ўзида бирлаштирган иқтисодий ва сиёсий ҳамжамият Ўзбекистон ҳамда бутун Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этаётган томонлардан бири. Умумий бозор, одамлар, товарлар, капитал ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини кафолатлайдиган, 500 миллионли нуфусга эга Европа Иттифоқи минтақамиздаги бу каби интилишларни ҳам доимий равишда қўллаб-қувватлаб келади. Зеро, алоқаларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан айнан Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив сиёсий мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш Европа ҳамжамиятининг ҳамда минтақа давлатларининг манфаатларига мос келиши билан боғлиқ.
Бутун дунёдаги сингари Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари коронавирус пандемияси билан курашдан сўнг янги инқирозларга дуч келди. Мазкур инқирозлар дунёда таъминот занжирлари узилишига, озиқ-овқат хавфсизлиги ва савдо-сотиқ алоқаларига путур етказди. Бу тангликлар шароитида давлатлар ўз маҳсулотлари учун янги бозорлар ва транспорт йўлакларини излаяпти. Шу маънода, Ўзбекистоннинг ЕИ билан манфаатли шериклиги алоҳида ўрин тутади. 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда Минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича юқори даражадаги конференция ўтказилиши, унда рақамлаштириш, транспорт коммуникациялари, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги лойиҳаларни, хусусан, европалик шерикларнинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилгани ана шундай интилишларнинг натижаси, десак янглишмаган бўламиз.
Қолаверса, Марказий Осиёда барқарор энергетика тизимини яратиш ҳамда профессионал таълим соҳасида бир қатор муҳим минтақавий лойиҳалар бошланди. Тошкентда фуқаролик жамияти форуми, Олмаотада иккинчи Иқтисодий форум ўтказилиши, шунингдек, Европа тикланиш ҳамда тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Самарқандда бўлиб ўтган йиллик йиғилиши ва бошқа тадбирлар минтақа давлатларининг европалик шериклари билан мулоқотлари сифат жиҳатдан ижобий томонга ўзгариб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Боз устига, ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадор марказга ҳамда янги иқтисодий имкониятлар маконига айланди. Замонавий саноат қувватларини яратиш, “яшил” энергетикани жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, такомиллашган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шериклик фикримизнинг яққол исботидир.
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан барча даражадаги мулоқотлари сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция, Германия, Италия, Венгрия ва Чехия етакчилари билан учрашувлар ўтказди. Мамлакатимизнинг Будапешт ва Стокгольмда элчихоналари очилди. Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Бунда 2021 йилдан Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (“GSP+”) кучга кириши катта аҳамият касб этди. “GSP+” тизимининг бенефициар аъзоси сифатида Ўзбекистоннинг матолар, кийим-кечак ва пластик маҳсулотлари каби бир қатор муҳим экспорт товарларига тарифлар бекор қилиниши экспортимизнинг ўсиши ва мамлакатимизга қўшимча сармоялар жалб этилишига имкон беради. Барқарор тараққиёт соҳасида “GSP+” олдидаги мажбурият Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқни кўра оладиган иқтисодий шерик сифатидаги позициясини янада мустаҳкамлайди.
Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда. Стратегик ҳамкорларимиз орасида Германия, Франция, Италия, Венгрия каби ЕИ мамлакатларининг “Siemens”, “Linde Group”, “CLAAS”, “Airbus”, “BASF”, “EDF”, “Alstom”, “Total”, “Orano”, “OTP Group” ва жаҳонга машҳур кўплаб бошқа корпорациялари бор.
Қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шубҳасиз, Евроосиё қитъасининг индустриал харитасини тубдан ўзгартириб юборишга имкон беради. Негаки, бундай ҳамкорликдан ҳар икки томон ҳам катта фойда топади. Бунинг учун салоҳият етарли. Масалан, мураккаб геосиёсий вазият ва глобал иқтисодиётдаги салбий жараёнларга қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатлари барқарор ўсишни намойиш этмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиларининг сўнгги ўрганишларига кўра, минтақадаги умумий иқтисодий ўсиш жорий йилда 5,3-5,5 фоизни ташкил қилади. Европалик экспертлар эса Ўзбекистонда ўртача 6,5 фоизлик йиллик ўсишни прогноз қилмоқда. Айни пайтда мамлакатимиз ўз олдига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига асосан ялпи ички маҳсулот ҳажми ва аҳолининг реал даромадларини икки баробар ошириб, даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришни режалаштирган. Жадал саноатлаштириш сиёсати, шу жумладан, қайта ишлаш тармоқларига хорижий сармояларни, хусусан, ЕИ давлатлари инвестицияларини кенг жалб этиш ушбу мақсадга эришишнинг асосий омили бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жуда мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё ЕИнинг энг муҳим ҳамкорига айланди. Бундан бир неча йил олдин Марказий Осиё Европа ҳамжамияти учун чекка ҳудуд бўлиб туюлганди, эндиликда эса минтақамиз транспорт-транзит йўлларининг марказига айланди. Шунинг учун ҳам ҳамкорлик ҳар икки томон учун муҳим. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёни тез фурсатда якунланиши ҳам савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривож топишига йўл очади. Хавфсизлик ва коммуникациялар, энергия ва ресурсларни диверсификациялаш нуқтаи назаридан шерикликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги аён бўлиб боряпти.
Шу маънода, барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш устувор масала. Айниқса, Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим. Бу йўл минтақанинг қиёфасини ўзгартириш, Хитойдан тортиб Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа каби бошқа минтақалар чегараларига уланиш, товар етказиш имконини беради. Мазкур йўлак Европага ҳам, Марказий Осиёга ҳам барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш учун ечим ҳисобланади. Европа ва халқаро молия институтлари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги барқарор транспорт алоқалари учун 10 миллиард евро ажратади. Инвестициялар Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга йўналтирилади, шунда у орқали юк 15 кун ичида ўтишига эришилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари учрашувида ҳам пухта таҳлил қилинди. Афсуски, ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмас. Давлатимиз раҳбари кўп бора таъкидлаганидек, бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак. Бироқ таҳлиллар кўрсатаётганидек, ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол — Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд. Шунинг учун Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг доимий, таъсирчан механизмини яратиш мақсадга мувофиқ.
Европа Иттифоқи инвестициявий ва технологик жиҳатдан юқори имкониятга эга. Ўзбекистонда эса улкан инсоний ресурслар ва малакали ишчи кучи мавжуд. ЕИ технологиялари ва инвестициялари катта миқдорда кириб келса, бундан ҳар икки томон ҳам ютади. Шу нуқтаи назардан, “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” иқтисодий форуми доирасида ҳар йили саноат-технология кўргазмаларининг ўтказилиши бунга имкон беради. Бугунги воқеликдан келиб чиқиб, Ўзбекистон Европа инвестиция банки билан биргаликда Европанинг етакчи компаниялари ишлаб чиқариш қувватларини мамлакатларимизга кўчириш жараёнида уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг махсус воситаларини ишга туширишдан манфаатдор. Давлатимиз раҳбари шу мақсадда Европа инвестиция банкининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очишни таклиф қилган.
Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида амалга оширилаётган “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электр автобуслар харид қилиш ҳамда улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳаси 100 та электробус ва 50 та қувватлантирувчи мослама хариди учун шартнома имзоланган ва 2023 йил май ойида дастлабки 6 та электробус Самарқанд шаҳрига келтирилди.
Ўзбекистон рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорликни ошириш ниятида. Жаҳон банки мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имкониятларининг янада кенгайтирилиши минтақа мамлакатлари ялпи маҳсулоти ва экспорти ҳажмининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади. Европа Иттифоқининг бу борадаги ташаббуслари Марказий Осиё учун рақамли кун тартибини биргаликда ишлаб чиқиш йўлидаги дадил қадам бўлади.
Иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Дунё қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар қаршисида қолаётган бир пайтда Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан экотизимлар барқарорлигини таъминлаш кун тартибидаги муҳим мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, анъанавий энергия манбалари билан бир қаторда, қайта тикланувчи энергия иншоотларини қуриш экологияни асраш ишига хизмат қилади. Европа Иттифоқида бу борада тажриба ва салоҳият етарли. Бугун Ўзбекистонда ҳам “яшил” энергетика фаол ривожланиб бормоқда ва бунда ЕИ давлатларининг улуши мавжуд. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг мегаваттгача ошириш ва унинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизгача етказиш режалаштирилган. Бунда ЕИ сармоялари ва технологиялари сув билан ҳаводек зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон ЕИни Марказий Осиё атроф-муҳитни ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини ташкил этиш лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирган.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам ривожлантирилиши керак бўлган йўналиш. Ўзбекистон бу борада Париждаги Лувр ва Берлиндаги Янги музей билан ҳамкорликда иккита ноёб лойиҳани амалга оширди. Бутун дунёга машҳур ушбу санъат марказларида илк бор минтақамизнинг бой маданий-тарихий мероси кенг намойиш этилди. Ёшлар таълимига инвестиция киритиш ҳам долзарб вазифа. Ўзбекистонда Европанинг еттита университети филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Лекин бу етарли эмас. Ўзбекистонимиз яқин истиқболда Европа Иттифоқи мамлакатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш ва қўшма таълим дастурларини, биринчи навбатда, муҳандислик мутахассисликлари бўйича жорий қилиш устида иш олиб боряпти. Европалик шериклар таълим соҳаси вазирлари ва университетлар ректорларининг шу форматдаги учрашувлари мунтазам ўтказилаётгани бунга кенг йўл очади.
Хавфсизлик соҳасида янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзаро муносабатларнинг энг муҳим йўналишларидан. Бугун ўртада чегараларни ҳимоя қилиш, наркотрафик ва терроризмга қарши кураш бўйича қўшма дастурлар самарали амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда икки юздан ортиқ минтақавий тадбирлар ўтказилди. Европалик шериклар кўмагида минглаб юқори малакали мутахассислар тайёрланди, чегара пунктлари модернизация қилинди. Экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида янги шериклик дастурларининг ишлаб чиқилаётгани эътиборга молик. Бу ҳақда сўз кетганда, эътибор марказимизда, аввало, Афғонистон муаммоси туради. Афсуски, Афғонистондаги гуманитар вазият барқарор эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда миллионлаб афғонлар ҳалокат ёқасида турибди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ЕИни ҳамиша афғон масаласида самарали ҳамкорликка чорлаб келади. Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда.
Шубҳасиз, жорий йил Самарқандда ўтказилиши кутилаётган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи расмий саммит томонлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суришга, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга янгича суръат бағишлайди, минтақада тинчлик ва барқарорликни, изчил тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Эркинжон ТУРДИМОВ,
Самарқанд вилояти ҳокими,
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси аъзоси.
(“Халқ сўзи” газетасининг 2024 йил, 20 август, 167-сонидан олинди).