“Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин”

Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган “Навоий ижодига эҳтиром” номли мақом кечаси бўлиб ўтди.
Унда вилоят намунали “Мақом” ансамблининг истеъдодли хонанда ва созандалари томонидан Навоий ғазалларидан иборат мақом куй ва ашулалари янгради.
- Мақом қалбларга кириб борувчи, уларни ҳаяжонга солувчи, руҳий ва маънавий озуқа берувчи миллий санъатимиздир, - дейди мақом ансамбли бадиий раҳбари Абдунаби Тўхтаев. - Миллий мақом куйларимизнинг аксарияти ҳазрат Навоий бобомизнинг ғазалларидан таркиб топган. Ғазалларнинг ҳар бир байти ўзига хос оҳангга эга. Бугунги мақом кечамизда ҳам “Сарпарда”, “Эй сабо”, “Сайқал”, “Бўлмиш”, “Сафти сувора” ҳамда “Нақши наво” каби ғазаллар ижро этилди. Энди мақом кечаларини Нуробод ва Паст Дарғом туманларида ўтказишни ҳам режалаштирганмиз. Зеро, вилоятимизнинг чекка ҳудудларида ҳам аҳоли жонли ижродаги мақом куйларидан баҳраманд бўлсин.
Насиба Жонтўраева.