Фидойи ва самимий инсон эди

Абдуназар Пардаев номини Самарқанд илм аҳли жуда ҳурмат билан тилга олади. Чунки у кишида Худо берган иқтидордан ташқари катта иштиёқ, ички интизом ва илмга ташналик бор эди.
Абдуназар ака 1951 йил 13 февралда Қўшработнинг олис Жўш қишлоғида туғилиб ўсди. Ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика институти рус тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди.
Илк меҳнат фаолиятини Самарқанд вилояти «Билим» жамиятида бошлади. Аммо илмга ташналик ёш Абдуназарни Россиянинг нуфузли илмгоҳи томон етаклади. Яъни, 1977 йилда Россия Фанлар академиясининг рус тили институтига аввал стажёр-тадқиқотчи сифатида, кейин аспирант бўлиб таҳсил олди.
Беш йил ўқигач, қадрдон олийгоҳ – Самарқанд давлат университетига келди ва 1983 йилдан бошлаб рус тили факультетида иш бошлади. Домла шу ерда ўқитувчи бўлиб ишлаб, аввал доцент, кейин профессор бўлди, кафедра мудирлигини бошқарди. 2015 йилдан эса университетнинг факультетлараро немис, француз ва рус тили кақедраси профессори сифатида талабаларга сабоқ берди.
Абдуназар Пардаев ўз фанининг устаси, рус тили грамматикаси бўйича мамлакатдаги таниқли олимлардан бири эди. Шу билан бирга МДҲ давлатлари олимлари ўртасида ўз соҳасини билимдони сифатида эътироф этилганди. Кўп йиллар Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси эксперти бўлди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Миллий университетлари ихтисослашган Илмий кенгашига аъзо эди. МДҲ давлатлари учун рус тилида янги дарсликлар яратиш Халқаро ассоциацияси сафида самарали хизмат қилди.
Бир сўз билан айтганда, филология фанлари доктори, профессор Абдуназар Пардаев дунё кўрган одам эди.
Ҳамкасблари, Абдуназар акадан фан сирларини ўрганган шогирдлари билан суҳбатлашсангиз у киши ҳақида илиқ гаплар тинглайсиз. Ўзини майда-чуйда суҳбатлардан устун қўйиши ва ҳар куни албатта, китоб ўқиши ва мақола ёзишига ҳамкасблари ҳавас қиларди. Айниқса, номзодлик, докторлик ишини тайёрлаш баҳонасида дунёдаги кўп тажрибаларни ўрганган олим Самарқанд илмий муҳитида катта салоҳиятга эга бўлди.
Минг афсуски, 2018 йилда кўнгилсиз воқеа туфайли домла ҳаётдан бевақт кўз юмди. Бу воқеа қалбларимизни қанчалик ларзага солган бўлса-да, фидойи, жонкуяр олим хотирасига ҳурматимизни сусайтирган эмас, чунки бундай олимлар ибрати ҳали кўп йиллар одамларга эзгулик улашиб бораверади.
Абдуназар Пардаев бугун ҳаёт бўлганида табаррук 70 ёшини қаршилаган бўларди. Бугун у кишининг хонадонига яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари, фарзанд-у невара келган, эзгу ишлари, хайрли амалларини ёдга олмоқда.