Франция Гулнора Каримова ўғирлаган пулларни Ўзбекистонга қайтаради
Франция ҳукумати Гулнора Каримованинг мусодара қилинган мулкини сотишдан тушган пулни Ўзбекистонга беради. Бу ҳақда RFI хабарига таяниб Minbar ёзмоқда.
Гап учта мулк – Париждаги квартира (31 млн еврога олинган), Сен-Тропе туманидаги вилла (2,4 млн евро) ва Париж яқинидаги қаср (28 млн) ҳақида кетаяпти, уларнинг ҳаммаси «кўчмас мулкни бошқариш компанияси» (Société civile immobilière — SCI) номига расмийлаштирилган.
Француз терговчиларининг аниқлашича, ушбу объектлар хорижий телекоммуникация компаниялари Ўзбекистон бозорига кириш учун берган порага сотиб олинган.
Франция миллий молиявий прокуратураси прокурори Николя Байетонинг айтишича, Тошкент 2019 йили Каримованинг Франциядаги мулклари бўйича якуний тўхтамга келган. Бунинг учун 18 ой музокара ўтказишга тўғри келган. Байето суд терговчиси Серж Турнер билан Ўзбекистон пойтахтига келгачгина масала ҳал бўлган. Ўзбек ҳокимияти вакиллари билан учрашувларда бошқа масалалар қатори пулларни қайтариш учун қандай юридик усулни танлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
• Ўзбекистон ўзини Гулнора Каримова ҳаракатлари натижасида жабрланувчи деб топди ва уни Франция судига берди.
• Францияда мусодара қилинган мол-мулк бошқа мамлакатга берилиши мумкин эмас, шунинг учун Каримованинг мол-мулки сотилиб, унинг пули Ўзбекистонга қайтарилади.
• Каримованинг Париждаги квартираси аллақачон кимошди савдосида ўз харид қилинган нархидан икки баробар арзон – 14 млн еврога сотилган. Бундан тергов харажатлари учун 2 млн евро ушлаб қолинади.
Францияда ноқонуний йўл билан олинган даромадни мусодара қилиш ҳақидаги қарор тарихда илк бор қабул қилинди, ОАВ буни "тарихий прецедент" деб атади.