Фуқаролик кодексида ўзгариш бор
Бу тарафлар учун, ўз навбатида судьяларга ҳам манфаатли
Жамият ҳаёти азалдан шундай яратилган – тарафлар ўртасида қарашларнинг фарқ қилиши ёки бошқа омиллар сабаб турли масалаларда тортишув юзага келади. Бундай вазиятда аксар ҳолларда иш судгача бориб етади.
Суд жараёнларининг узоқ муддат давом этиши кишилар учун ноқулайликлар туғдириши турган гап. Айни шу жиҳатдан “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Зотан, қонун билан фуқаролик ишларини кўришнинг янги тартиб-таомиллари белгиланди.
Қандай ўзгариш бор?
Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти, яъни “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланган янги 25-1-боб киритилди.
Унда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар, уларни кўриб чиқиш тартиби ва ўзига хос хусусиятлар, шунингдек, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига доир талаблар белгиланган.
Эндиликда даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.
Агар даъвогарнинг аризаси ва жавобгарнинг розилиги бўлса, даъво талаби юқоридаги миқдорлардан кўп бўлган ҳолларда ҳам иш соддалаштирилган тартибда кўрилиши мумкин.
Янгиликнинг аҳамияти нимада?
Соддалаштирилган тартибида иш ажрим чиқарилган кундан 20 кундан ошмаган муддатда якка тартибда кўриб чиқилади. Бошқача айтганда, даъвонинг қиймати камроқ бўлган ишлар қисқа, яъни иш қўзғатилган кундан бошлаб йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб тамомланади. Бу ўз навбатида тарафларнинг суд ишларига сарфлайдиган вақти тежалиши, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Негаки, белгиланган муддат судья томонидан узайтирилмайди.
Бундан ташқари, соддалаштирилган тартибда иш судья томонидан якка тартибда - суд мажлиси ўтказилмасдан кўриб чиқилади. Яъни, ишни кўриб чиқишда тарафлар чақиртирилмайди ва уларнинг тушунтиришлари эшитилмайди. Лекин суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Кўриниб турибдики, янги тартибда даъвогар ва жавобгар суд процессини кутишларига зарурат қолмайди.
Жавобгарнинг ҳимоя ҳуқуқи йўқми?
Янги тартибга кўра, аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, унда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.
Суд ажрим билан бир вақтда даъвогарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.
Яъни, жавобгарга даъво юзасидан ўзининг ёзма фикрини судга юбориш имконияти яратилади. Соддалаштирилган тартибида кўрилаётган ишларда жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли эканлиги иш бирёқлама кўрилишининг олдини олади.
Тарафлардан бири норози бўлса-чи?
Соддалаштирилган тартибда кўрилган ишлар юзасидан суднинг ҳал қилув қарорига 10 кун муддат ичида апелляция шикояти (протест) берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, суд қарори қабул қилинганидан кейин 10 кун ичида қонуний кучга киради.
Янги тартиб судьяларнинг мураккаб тоифадаги ишларга кўпроқ вақт ажратишига замин яратади. Қолаверса, ишларни сифатли кўриб, ҳар томонлама асосли, қонуний ва адолатли қарор қабул қилишига хизмат қилади.
Юлдуз МУҲАММАДИЕВА,
Самарқанд шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъати судьяси.