Ҳам олим, ҳам элчи, ҳам иқтисодчи

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори Эркин Хўжаев 85 ёшга тўлди.

Инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг тафаккури ва салоҳияти билан белгиланади. Жамоамизда ҳалол меҳнати, шижоати, камтаринлиги билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келаётган ҳамкасбимиз, устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, профессор Эркин Хўжаевдир.

Э.Хўжаев 1939 йил 27 июнда Самарқанд шаҳрида дунёга келди. Билим олишга тиришқоқлиги боис шаҳардаги 18-мактабни аъло баҳолар билан битирди. Сўнг Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди. Университетни битиргач, Самарқанд тиббиёт институтининг сиёсий иқтисод кафедрасида ўқитувчи, Самарқанд шаҳар Ёшлар уюшмасининг биринчи котиби вазифаларида ишлади. Илмий ишлар билан шуғулланиш мақсадида аспирантурага ўқишга кирди. 1966-1976 йиллар Самарқанд давлат университетининг сиёсий иқтисод кафедраси ўқитувчиси, доценти вазифаларида меҳнат қилди.

Ўқитувчилик фаолияти давомида давлат молия тарихи, молия бозори ва қимматли қоғозлар, молиявий рискларни бошқариш фанларидан маъруза ва амалий дарслар ўтди.

Молия бозорини ривожлантириш, акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўллари, корпоратив бошқарувни ташкил этиш ва ривожлантириш имкониятлари, қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштиришни такомиллаштириш мавзуларида илмий тадқиқотлар олиб борди.

Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда олимнинг 120 дан ортиқ монография, илмий мақола, рисола, ўқув-услубий қўлланма, маъруза курслари, услубий тавсиялари нашр этилди. Ҳаммуаллифликда  «Молия бозори», «Инвестиция» дарсликлари, «Солиқлар ва солиққа тортиш» ўқув қўлланмаси чоп этилди.

Эркин Хўжаев ўз фаолияти давомида Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида кафедра мудири, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши президиуми аъзоси ва қўмита раиси, Самарқанд кооператив институти ректори, Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси каби масъулиятли вазифаларда ишлади.

Айни пайтда устоз Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг молия ва суғурта хизматлари кафедрасида профессор. Домла қаерда меҳнат қилмасин, ўз билими, тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги билан халқ ичида обрў-эътиборга сазовор бўлди. Унинг самарали меҳнатлари ҳукумат томонидан муносиб тақдирланди. Эркин Хўжаев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи», «Ўзбекистон Республикаси Олий таълим аълочиси», «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» каби нуфузли мукофотлар соҳибидир.

Устоз умр йўлдоши Сайёра ая билан уч нафар фарзанд ва бир неча набираларни камолга етказиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.

Меҳнат фаолиятида ва оилада бахт топган устоз бугун 85 ёшни қарши олмоқда. Эркин Хўжаевни институт жамоаси ва бир гуруҳ шогирдлар номидан қутлуғ ёши билан табриклаймиз.

Жаҳонгир ЗАЙНАЛОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори.