Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тегишли сертификатлар топширилди
Самарқанд шаҳрида жойлашган Қуролли Кучлар кичик мутахассисларини тайёрлаш марказида O‘zLiDeP вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Тадбиркорлик сари” шиори остида тадбир ўтказилди.
Унда ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқув курсларида таҳсил олган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбирда вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик марказида таҳсил олган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тегишли сертификатлар топширилди. Сертификат эгалари тижорат банкларидан 3 йил муддатга имтиёзли шартларда, яъни 14 фоизли 33 миллион сўмгача кредит олишлари ва ўз тадбиркорлик фаолиятини юритишлари мумкин бўлади.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббусининг 5-йўналишини амалиётга татбиқ этиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида тадбиркорликка оид билим ва кўникмаларни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу курсда таҳсил олдим. Давлатимиз томонидан бериладиган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланишни ва ўз тадбиркорлик фаолиятимни юритишни мақсад қилдим, – дейди Нодира Эргашева.
Тадбирнинг бадиий қисмида гарнизон ҳарбий оркестр жамоаси томонидан концерт дастури тақдим этилди.
O‘zLiDeP вилоят кенгаши матбуот хизмати.