Ҳокимликлар қарорлари электрон тизим орқали қабул қилинади. Унинг аҳамияти ва моҳияти нимада?

Жорий йил 1 июлдан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг Е-qaror ягона электрон тизими ишга туширилди.

Мазкур тизим ҳокимликларнинг қарорларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилишга мўлжалланган. Тизимнинг афзаллиги шундаки, у манфаатдор идоралар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишда виза қўйиш ҳамда кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлайди. Шунингдек, лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнини мониторинг қилишда афзалликларга эга.

Янги онлайн дастурда чиқарилаётган қарорларни кенг жамоатчилик тўғридан-тўғри кузатиб бориши мумкин.

“E-qaror” электрон тизимини республикамизнинг барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилиши уларнинг фаолияти ва иш юритуви шаффофлашишига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, тизим тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатларни келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган нормалар ўрнатилишининг олдини олишга қаратилган.

Маълумот учун айтиш мумкинки, ўтган 5 кун давомида “E-qaror” электрон тизими орқали 3 та вилоят ҳокими қарори, 1 та фармойиш чиқди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 5 та қарори янги тизимга жойлаштирилиб, қабул қилинди.

Умуман, ноқонуний ҳужжатлар қабул қилинишининг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган янги тизим, ҳокимликлар фаолияти очиқ ва ошкоралигини таъминлаш билан бирга бошқарув соҳасида замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Баходир Қаршиев,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат бош юрисконсульти.