Паст Дарғомда 11 ойда 107 та ўғрилик жинояти содир этилди

Туман ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида муайян ишлар амалга оширилди.

Натижада, номусга тегиш жиноятлари 56 фоизга, талончилик 67 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш 13 фоизга, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 0,8 фоизга, маст ҳолда содир қилинган жиноятлар 5,7 фоизга, муқаддам судланмаганлар томонидан содир қилинган жиноятлар 48 фоизга, ишсизлар томонидан содир қилинган жиноятлар 85 фоизга камайишига эришилган.

Бироқ, амалга оширилган профилактик чора тадбирларга қарамасдан туманда оилавий зўравонлик 66 фоизга, ўғрилик 52,1 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 86 фоизга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказиш 48 фоизга, босқинчилик 50 фоизга безорилик 189 фоизга, қотиллик 40 фоизга, талончилик 66 фоизга, транспорт воситасини олиб қочиш 100 фоизга, фирибгарлик 32 фоизга, шунингдек, гуруҳ таркибида содир қилинган жиноятлар 50 фоизга, вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноятлар 47 фоизга, аёллар томонидан соддир қилинган жиноятлар 157 фоизга ошди.

Тумандаги 100 та маҳалладан 8 таси “қизил”, 59 таси “сариқ”33 таси “яшил” тоифага киритилган.

Бундан ташқари, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган жиноятлар 81 фоизга ошди. Шу сабабли, ҳурматли фуқаролар телеграм, ватсап ва бошқа интернет тармоқлари орқали турли кўринишларда, мисол учун таклифнома, табрикнома, мобил қурилма дастури ва шу каби “.apk” форматида келган файлларни зинҳор оча кўрманг.

Шунингдек, пулларингизни осонгина кўпайтириб бериш ҳақидаги таклифлар келиб тушганда, билингки бу пул маблағларингизни ўзлаштириш учун қўйилган тузоқдир, зеро ҳеч ким сизга бирон бир ҳаракатсиз пулларингизни кўпайтириб бермайди.

Эътиборингизни оғриқли нуқтага қаратмоқчиман.

Ўтган даврда тумандаги 126 нафар ёшлар томонидан 127 та жиноятлар содир этилди.

Жиноят содир этган 126 нафар ёшларнинг 12 нафарини хотин қизлар, 5 нафарини судланганлар, 3 нафари мактаб ўқувчилари, 3 нафари олий ўқув юрти талабалари, 4 нафари бандлиги таъминланмаган ёшларни ташкил этиб, 3 нафари маст ҳолатда, 43 нафари эса гуруҳ таркибида жиноят содир қилишган.

Ёшлар томонидан содир қилинган олдини олиш мумкин бўлган 127 та жиноятни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, шундан 1 таси қасддан одам ўлдириш, 5 таси қасддан баданга оғир шикаст етказиш, 11 таси қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, 9 таси қасддан баданга енгил шикаст етказиш, 2 таси ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, 3 таси номусга тегиш, 3 таси ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинисий алоқа қилиш, 3 таси оилавий зўравонлик, 1 таси туҳмат қилиш, 3 таси ҳақорат қилиш, 2 таси босқинчилик, 1 таси талончилик, 5 таси фирибгарлик, 18 таси ўғрилик, 32 таси йўл транспорт ҳодисаси 3 таси транспорт воситасини олиб қочиш, 17 таси безорилик ҳамда 8 тасини бошқа жиноятлар ташкил қилади.

Мисол учун, 2003 йилда туғилган П.Урунов билан етарлича профилактик тадбирлар ташкиллаштирилмаганлиги, касбга ўқитиш чоралари кўрилмаганлиги ва бандлиги таъминланмаганлиги боис, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир қилиб, ЖИБ Паст Дарғом туман судининг 2024 йил 12 февралдаги ҳукми билан ЖКнинг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилган ва тегишли жазо чораси қўлланилган.

Муқаддам судланган П.Урунов яна эътибордан четда қолган. Натижада, П.Урунов ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш мақсадида танишлари вояга етмаган 2007 йилда туғилган Р.Равшанов ва фуқаро С.Даминовлар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, жорий йилнинг 31 август куни соат 13:00 да туманнинг Санчиқул маҳалласида яшовчи фуқаро Ч.Жўраевнинг яшаш уйининг орқасидаги бедапояда боғланган бўлган бозор баҳоси 7 млн. сўмлик 2 бош қўйларини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Шу сабабли, ҳар биримиз келажагимиз ҳисобланган ёшларнинг тарбиясизга, оилавий, манавий ва маърифий муҳитнинг соғломлигига ва албатта уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор беришимиз даркор.

Жорий йилнинг 11 ойида 107 (57) та ўғрилик жинояти содир этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 87,7 фоизга ошган.

Содир қилинган ўғрилик жиноятларини таҳлил қилганимизда 21 таси хонадон ўғрилиги, 4 таси савдо шохобчаларидан ўғрилик, 15 таси ҳайвон ўғрилиги, 7 таси транспорт воситасини ўғирлаш, 7 таси киссавурлик, 8 таси телефон ўғрилиги, 2 таси велосипед ўғрилиги, 16 таси ахборот технолгогияларидан фойдаланиб содир қилинган ўғирликларни ташкил этади.

Жиноят сабаблари ўрганилганида фуқароларнинг уй-жойидаги моддий қимматликлар, уй-жиҳозлари очиқ ҳолда сақланиши, чорва молларини очиқ дала майдонларига ташлаб келишини олдини олиш чоралари кўрилмаганлиги, бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги оқибатида ушбу жиноятларнинг содир қилинишига шароит яратилганлиги аниқланди.

Негаки, ҳозирда туманимиз фуқаролари ўзининг мол-мулкларини яъни, уй-ҳайвонларини қаровсиз қолдириши оқибатида ўғрилик жинояти ҳам кўпайиб бормоқда.

Шу сабабли, туманимиз аҳолисидан яшаш жойларингизни қўриқлаш хизматига техник қўриқловга топшириш, видеокузатув воситалари ўрнатиш ҳамда уй-ҳайвонларингизни далаларда қаровсиз қолдирмасликларингизни сўраймиз.

Туман ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишда олиб борилаётган профилактик ишларга беэътибор бўлманг, ушбу тадбирларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдамингизни аяманг, қонунларга риоя қилинг.

Паст Дарғом тумани прокуратураси.