Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ибратли воқеа: Метродаги болакай

Эрталаб ишга кетаётган эдим. Метрода бир болакайга кўзим тушди. Бошини китобдан кўтармай кетди анча жойгача.

Чидаб туролмадим. Ёнида жой бўш экан. Ўтириб саволга тутдим. Вақтни қизғаниб, жавоб берди.

- Қанақа китоб ўқияпсан?

- Мактабдан берган уйга вазифамни қиляпман.

- Нега уйда қилмадинг?

- Уйда ҳам қилдим. Бу ерда ҳам қиламан. Мен кўп китоб ўқишим керак.

- Нимага?

- Отам билан онам ажрашган. Онам мени жуда ҳам қийналиб катта қиляпти. Мен ҳозир зўр ўқисам келажакда ўзимнинг компаниямни очиб, онамларни бошлиқ қилиб тайинлайман. Ўзимизнинг уйимиз бўлади...

Кўзимга ёш келди. Нотўғри савол бериб қўйганимдан хижолат бўлдим Чалғитмоқчи бўлиб, гапни бошқа томонга бурдим:

- Дарс қилишни яхши кўрасанми?

- Ҳа, жуда ҳам. Онам айтганлар менга, дарс қилсам, яхши одам бўлсам, одамларга ёрдам берсам, давлатга зиёним тегмаса Тенгокуга тушарканман.

- Тенгоку нима?

- Тенгокуни билмайсизми? Тенгоку дегани одам ўлгандан кейин борадиган жой. Яхши одамлар Тенгокуга тушади. Ёмон одамлар Жигокуга.

Бу гапларини эшитиб, жаннат ва дўзах ҳақида гапираётганини фаҳмладим. Яна саволга тутдим:

- Жигокуга қандай одамлар тушади?

- Давлатдан алдаб пул ундирганлар, масалан, ўқимай, ишламай, пулим йўқ, пул беринглар, деб фақат давлатдан пул ундирадиганлар тушади. Ёмон одамлар тушади. Бўлди, мен кейинги бекатда тушаман.

Бола тушиб кетди. Қарасам, анча бекат ўтиб кетибман. Кун бўйи бола билан бўлган суҳбат ҳақида ўйладим. Ҳали бошланғич синфда ўқийдиган боланинг фикрлаши-ю, ақллилигига тасанно айтдим. Фарзанд тарбиясига қойил қолдим.

Тенгоку, Жигоку. Бу японча гаплар. Япония давлатининг анча-бунча давлатлардан илдамлаб кетганининг сабабини тушунгандек бўлдим. Ўқимаса, ҳеч ким бўлолмаслигини, оддий ишда ишлаб ўтиб кетишини, келажакда катта компанияни юритаман, деб болалигидан қаттиқ ҳаракат қилган болаларни "кашф қилган"лигини англадим.

Қаранг, японияликлар фарзандларига жаннат ва дўзах ҳақида айтиб, шу йўл билан тарбиялаб катта қилишар экан. Биз эса... жаннату дўзахни унутганмиз. Бизни кўринг-у, японларни кўринг...

Баҳодир Искандаров.