Ибратли воқеа: Ойна...
...Бир неча киши билан бирга Мисрга бордик. Дўконга кирдик. Бир узук ёқиб қолиб, нархини сўрадик: "1400 жунайҳ", деди.
Нархини бироз тушириб беришини илтимос қилдик.
- Қаерликсизлар? – деб сўради.
- Ўзбекистонлик, Мовароуннаҳрданмиз. Бухорий юртидан, - дедик.
- Бухорий юртидан экансиз, сизларга 20 фоиз чегирма қилиб берамиз, - деди.
Бизга бу гап ёқиб кетди.
- Яна қандай олимлар бўлган сизларнинг юртда? – деб сўради.
- Имом Термизий, - дедик.
- Маша Аллоҳ, у киши ҳам сизларданми? – деди бири ишонқирамай.
- Ҳа, биздан кўплаб алломалар чиқишган, - дедик. - Яна ким?
- Имом Замахшарий, - дедик.
Сотувчи "Ма Шаа Аллооооҳ!" , дедида, қўллари билан кўзларини ёпди. Панжалари орасидан ёш оқа бошлади. Кейинроқ билдик, у киши Имом Замахшарийнинг ашаддий мухлиси экан. Бир оз суҳбатлашгандан кейин:
- Сизлардан фойда олмайман. 620 жунайҳга тушган, шуни берсангиз бўлди, - деди.
Шу пайт орамиздагилардан фақат ўзбеккагина хос бўлган гап чиқди: "Шундан икки дона беринг"...
Мен уялиб кетдим...
- Майли, бераман, - деди.
Узукни бераётганда ёнида турган кишилардан бири "Намоз ўқишармикин?", деб қолди. Сотувчи қўлини узатаётганча тўхтаб қолди.
- Ҳа, намоз ўқийсизларми?, – деди.
Савол билан жавоб орасида узилиш пайдо бўлди. Чунки, жавоб айтарли йўқ эди...
Бир оз сукутдан кейин:
- Жума намозига чиқиб турамиз, - деди кимдир. - Бошқа намозларни-чи, – деди ҳайрон бўлиб. Зўрғагина "Йўқ", дея олдик.
Сотувчининг қўли муаллақ туриб қолди. Бироз сукут қилди-да, ачиниш билан:
- Майли, мен мусулмонман. Айтган нархимга бераман. Аммо сизлар қайтиб Имом Бухорийни тилингизга олманг. Ҳаққингиз йўқ!, – деди.