Ички туризм имкониятлари намойиши

Юртимизда ички туризмни ривожлантириш, туризм йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожантириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури асосида барча ҳудудларда ўтказилаётган ички туризм ярмаркаси Самарқандда ҳам ташкил этилди.

Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган сайёҳлик фирмалари, туроператорлар, меҳмонхона хизматини кўрсатувчи ташкилотлар ва бошқа туризм йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари Регистон ансамблида жам бўлишди. Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида ўтказилган ярмаркада юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ички туризм бўйича ўз имкониятларини намойиш этиб, ўзаро ҳамкорликни ўрнатиш, туризмни ривожлантириш борасида таклифларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлишди.

– Туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли 2017 йилда соҳада иш бошлаганмиз, – дейди Фарғона вилоятида фаолият юритувчи “Mashhura travel” оилавий корхонаси раҳбари Эъзоза Раҳмонова. – Фаолиятимиз ички туризмга ихтисослашган. Дастлабки йилларда асосан баҳор ва ёз ойларида мижоз бўлар эди, қолган вақтда деярли иш бўлмасди. Кейинги икки йилда доимий фаолият билан шуғулланяпмиз. Соҳа ривожи учун тизимда тўлиқ шаффофлик таъминланса, ички туризм янада ривожланади. Айниқса, транспорт тизими билан боғлиқ чипталар масаласи ижобий ечим топса турфирмалар янада самарали фаолият юритади. Бугунги ярмарка ҳам ҳамкорларимиз сафини кенгайтириб, ўзаро манфаатли турпакетларни ташкил қилиш имконини яратмоқда. Хусусан, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмалари билан фикр алмашиб, таклифларимизни билдирдик. Насиб этса, жорий мавсумда янги йўналишларни ташкил этамиз.

Кўргазмада фақатгина сайёҳлик фирмалари эмас, балки уларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам ўз хизматлари, маҳсулотлари билан иштирок этишди. Жумладан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Ғуломхўжа асалчилиги” фермер хўжалиги томонидан намойиш этилган маҳсулотлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

– Хўжалигимизда табиий асал, турли мевалардан тайёрланган мурабболарни бир марталик махсус кичик идишларда қадоқлаймиз, – дейди фермер хўжалик вакили Усмонхўжа Қодирхўжаев. – Маҳсулотларимиз меҳмонхоналар, савдо мажмуалари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари учун мўлжалланган. Талабга қараб озиқ-овқат маҳсулотларни худди шундай кичик ҳажмларда тайёрлаб бериш имкониятимиз бор. Бугунги кунда асосий ҳамкорларимиз Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритувчи субъектлардан иборат. Бугунги ярмаркада сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар маҳсулотларимизга жиддий қизиқиш билдирди. 

Ярмаркада самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар, кийимлар намойишлари ташкил қилинди. 

Якунда ярмарка иштирокчилари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.ИСРОИЛОВ