ИИВ “Жаслиқ”даги маҳкумлар қаерга юборилишини маълум қилди

“Жаслиқ” колониясида жазо муддатини адо этаётган маҳкумлар илгари ўзлари яшаган жойларга яқин колонияларга юборилади. Бу уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг вақт ва пулларини тежашга ёрдам беради, дея маълум қилди ИИВ вакили Баҳромбек Одилов. Бу ҳақда Sputnik хабар қилмоқда.

Ҳозирги кунда у ерда 395 нафар маҳкум сақланяпти. ИИВ вакилининг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамиятда қамоқхона тўғрисида “турли миш-мишлар” тарқалгани сабабли уни ёпишга қарор қилинган.

Аниқлик киритилишича, ИИВ ҳузурида қамоқхонани тугатиш комиссияси ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон  президентининг 2019 йил 2 август кунги "Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган Жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида"ги қарори билан Қорақалпоғистон Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш белгиланган.