Илк бор “Гепатит D” вирусини аниқлаган олим Самарқандга ташриф буюрди
Мамлакатимизда юқумли касалликларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш, аҳолини турли юқумли касалликлардан муҳофаза қилиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, аҳолини юқумли касалликлардан муҳофаза қилишда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги вирусология илмий-текшириш институти ҳамда вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси ҳамкорлигида вирусли гепатитлар соҳаси бўйича италиялик таниқли олим, профессор Марио Ризетто Самарқандга таклиф этилди.
Илк маротаба “Вирусли гепатит В” билан касалланган беморларда “D” вирусини аниқлаган олим Марио Ризетто Италиянинг “Torino” университетининг Гастроэнтерология ва Гепатология маркази директори, илмий маърифий қўмита аъзоси, қирол Файсалнинг тиббиёт соҳасидаги халқаро мукофоти, “Роберт Кох” мукофоти, Америка гастроэнтероглари уюшмасининг “Уилям Бомон” ва “Ханс Поппер” каби бир қанча мукофотлар совриндори ҳисобланади.
Профессор М.Ризетто Самарқандга қилган ташрифи вақтида вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси ва Самарқанд Давлат тиббиёт институти фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида семинар ташкил этилиб, олимнинг “Гепатит В вируси юқтирган беморларда гепатит D вируси ядро антигени” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Семинарда вилоят даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган инфекционистлар, гастроэнтерологлар, терапевтлар, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг юқумли касалликлар кафедраси ходимлари, магистр ва клиник ординаторлар ҳамда функционал диагностика шифокорлари иштирокида вирусли В ва D гепатитларнинг патогенези, аниқ ташхислаш ва замонавий даволаш усуллари ўзлаштирилди.