Эл кўзини тўйдириб, қалбингизни оч қолдирманг!

Бугун телевизорда, ижтимоий тармоқларда, газеталарда, қолаверса маҳаллалардаги суҳбатларда бир масала ҳақида гап кетмоқда: тўйлардаги исрофгарчилик, ким ўзар, ортиқча ҳашам ва маъносиз тантаналарни қисқартириш зарурлиги.

Бу ҳақда ҳар куни эшитамиз, ўқиймиз, мулоҳаза қиламиз. Аммо афсуски, бу мулоҳазалар амалда кам ҳолда ўз ифодасини топмоқда.

Баъзилар тўй бошлаш учун ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг кучга киришини кутиб туришибди, айримлар эса “шунгача ўтказиб олайлик” деб шошмоқда.

Айниқса, баъзи қайноналар келиннинг қариндошлари олиб келадиган совғаларга қизиқиб, тўйни тезлаштиришга уринаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Яқинда бир дугонам билан суҳбатлашиб қолдим. Унинг айтишига қараганда, қайнопаси ўғли учун хатна тўй қилмоқчи экан. Бу тўйни ўтказишни куёв бола ўзи талаб қилибди: “Қани, тоғаларининг кучи қанчалигини кўрайлик!” деган гаплар билан кўпчиликни шоштирибди.

Дугонамнинг уч нафар фарзанди бор. Улар анчадан бери шаҳарда ижара уйда яшайди. Турмуш ўртоғи - оддий ишчи. Унинг бир акаси, бир укаси бор. Учала ака-ука ҳам қора меҳнат ортидан кун кўради. Аммо шундай бўлса ҳам “Одамлар нима деркан”, деган ўй уларни тинч қўймаган.

Натижада, уч ака-ука қўлларидан келганича тўй учун пул йиғишибди. Опаси, поччаси ва жиянларига сарпо қилишибди - тўрт фаслга мос кийимлар, тилла тақинчоқлар, болаларга велосипед, ўйинчоқлар, уй учун музлатгич, кир машина, микротўлқинли печ, гилам, кўрпа-тўшак... Ҳатто тўй учун новвос ҳам беришибди.

Бунинг устига, “одат бўйича” тўққиз тоғора қилиб таомлар, ширинликлар, мева-чевалар, совғалар, шампун ва совунгача жўнатишган.

Натижада, бир неча ойлик меҳнат ва йиғилган маблағ “ким ўзар” деган ном остидаги тантанага сарф бўлди. Учта оила қарз юкини елкасига олди. Болаларнинг эҳтиёжи қисқарди, уйдаги барака камайди. Почча тўйни ортиқча дабдаба билан ўтказди, лекин натижада фақат исроф қолди.

Бунинг ортида катта сабоқ ётади. Биз кўпинча “эл нима дейди”, “одамлар кўради”, “одат шундай” деган фикрлар билан ўз имкониятимиздан ортиқ харажат қиламиз. Аммо ўйлаб кўрайлик - шу маблағ, шу куч, шу меҳнатни агар бир бемор қўшнимизга ёрдам сифатида берганимизда ёки етим болага совға қилганимизда, қанчалик савоб иш бўлар эди.

Ҳозирги кунда давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам исрофгарчиликни камайтириш, тўй ва тадбирларни ихчам, мазмунли ўтказиш ҳақида қайта-қайта таъкидлаяпти. Бу бекорга эмас. Чунки ҳар бир ортиқча тантана ортида кўплаб меҳнат, кўплаб қарз, кўплаб оғриқ ётади.

Бугун ҳар биримиз бир саволни ўзимизга беришимиз лозим: “Мен қилган харажат - савобми ёки исрофми?”. Агар жавоб иккинчи томонга оғса, демак, тўхтайдиган вақт келди.

Дилноза Файзуллаева, СамДЧТИ катта ўқитувчиси