Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўз ишини бошлади
Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича IV форум ўз ишини бошлади. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган халқаро анжуманнинг бу галги мавзуси «Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги, барқарор ечимлар топиш» мавзусига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига табрик йўллади. Табрикни Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Форумдаги кириш сўзида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иқлим ва инсон ҳуқуқлари муаммолари муҳокама қилинадиган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқида илгари сурилганини таъкидлади.
Шундан кейин БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччининг видеомурожаатлари намойиш этилди.
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Сабина Маҳл иштирокчиларни табриклаб, мазкур нуфузли анжуман мавзуси жуда долзарблиги, муҳокама қилинадиган мавзулар аҳамияти юқори эканини қайд этди.
Спикерлар Самарқанд форуми ишига муваффақият тилар экан, кескин экологик муаммолар кучайган бир шароитда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига эътибор кучайтирилиши бир ҳудуд ёки минтақа эмас, балки бутун дунё – инсониятга дахлдор масала эканини эътироф этди.
Алишер Исроилов.