Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Инвестиция лойиҳаларига масъуллар жавобгарми ёки воситачилар?

Дастлаб, инвестиция лойиҳалари нима экани, у қай тартибда, қандай омилларга асосланиб тузилишига тўхталсак. Номидан англашилганидек, инвестиция бирор лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий, хорижий ёки халқаро молия ва донорлик ташкилотлари томонидан йўналтириладиган маблағ ҳисобидан ташкил этиладиган янги тузилмага йўналтирилади. Бунда икки ва ундан ортиқ томонларнинг ўзаро келишуви асосида маълум ҳудудда аниқ ҳисоб-китобларга асосан ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа ва бирор тармоқни ривожлантириш мақсадида тўғридан-тўғри ёки воситачилар орқали маблағ йўналтириш назарда тутилади.

Вилоятимизда 2019-2020 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш бўйича 863 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш дастурлари тузилганди. Улар тўлиқ ҳаётга татбиқ этилса 17 минг 756 та янги иш ўрни яратилади. Бунинг учун эса 6 миллиард 445 миллион 292 минг сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги жорий йилги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни сўзсиз амалга ошириш лозимлиги билдирилганди. Чет эллик инвесторларга ҳар томонлама ёрдам бериш, инвестицияларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йилнинг охирига суриш амалиётига чек қўйиб, барча тармоқлар ва ҳудудларда буни биринчи ярим йилликда камида 35 фоизга, тўққиз ойликда 70 фоизга етказиш зарурлиги таъкидланганди.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, ўтган йилда республика бўйича 1 миллиард доллар инвестиция ўзлаштирилиб, жами 133 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилган. Аммо ҳокимлар ва уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ишни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйгани оқибатида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида айрим объектлар фойдаланишга топширилмай қолган. Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳаларда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва ижросини назоратга олиш юзасидан аниқ топшириқлар берганди. 

Кўриниб турибдики, Президент айтган гаплар, хусусан, инвестиция лойиҳалари ижроси кечикмоқда. Нега? 

Ҳозиргача белгиланган 2 миллиард 277,2 миллион сўмлик 487 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 974 та янги иш ўрни яратилган. Соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, бу борада анча ортда қолинаётгани аён бўлади. Масалан, ҳозиргача саноатда 146, хизмат кўрсатишда 97 ва қишлоқ хўжалигида 133 та лойиҳа ишга туширилмаган. Оқибатда 9782 та янги иш ўрни яратилмасдан қолмоқда.

Иштихонда аҳвол қандай?

Туманда 2019-2020 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция маблағлари жалб қилиш орқали 40 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Унга кўра, асосий фаолияти қуритилган ва қадоқланган мева, дуккакли маҳсулотлар экспортчиси бўлган “Самарканд-Баку Агро бизнес” қўшма корхонаси томонидан қишлоқ хўжалиги йўналишида йирик инвестиция лойиҳаси ишга туширилмоқда. 

- Туманнинг Қўрли маҳалласи ҳудудидан 160 гектар лалми майдонда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган ҳолда узумчилик кластери ташкил этяпмиз, - дейди корхона иш бошқарувчиси Жасур Мансуров. – Ушбу тежамкор технологиянинг майда қисмларигача Исроил давлатидан келтирилди ва бутун майдон тўлиқ компьютерлашган ҳолда суғорилади. Бунинг учун 7 та артезиан қудуғи қазилди. Лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилнинг ўзида 340 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди. Узумнинг кишмишбоп, экспортбоп маҳаллий навлари экилади ва кўчатлар тўлиқ ҳосилга кирганда 3 минг 200 тонна узум ва ундан 650 тоннадан 800 тоннагача экспортбоп майиз олиш мумкин. Ҳозирда маҳаллий соҳибкорлардан ёнғоқ ва узумни олиб, қуритиб, қайта ишлаб, экспортга чиқараётган бўлсак, икки-уч йилда токзор ҳосилга киргач, маҳсулот шу ернинг ўзида қуритилади, қайта ишланиб қадоқланади ва экспортга чиқарилади. Лойиҳа ишга тушгач, 15 та доимий ва 100 та мавсумий иш ўрни яратилади.

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 8 ойида туманда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ташаббускорларнинг ўз маблағи ва банк кредитлари ҳисобидан 25,7 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилган ва 164 та янги иш ўрни яратилган. Бунинг натижасида 5,2 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиш ҳажмлари яратилиб, ишлаб чиқариш 2,1 фоизга ортиши режалаштирилган.

- Бир неча кун аввал Туркияда маҳаллий ишбилармонларга ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятимизни тақдим этдик, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Эгамқулов. – Учрашувда 2,3 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокида мевани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликка оид меморандум имзоладик. Шунингдек, туркиялик тадбиркорлар билан 2,5 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотимизни экспорт қилиш борасида келишувга эришдик.

2019-2020 йилларда туманда тўғридан-тўғри хорижий сармоядорларни жалб этиш бўйича ҳозирда умумий қиймати 25,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 11 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилди ва йил якунигача 12 миллион доллар миқдоридаги сармоя киритилиб, 175 та иш ўрни яратилади.

Режалар яхши. Аммо йилнинг асосий қисми ортда қолган бўлишига қарамай туманда 2,051 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий сармоя ўзлаштирилган. Бу йиллик режага нисбатан 17 фоизни ташкил этмоқда. Дастурда белгиланган замонавий паррандачилик, чорвачилик комплекси, савдо шохобчаси ташкил этиш, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш, тошга ишлов бериш, транспорт хизмати кўрсатиш хизматлари каби лойиҳалар банк кредити, қурилиш ишларининг ортда қолаётгани, лицензия олиш ва бошқа сабабларга кўра белгиланган муддатда бажарилмаган.

Ҳар бир лойиҳа ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишида аниқ ҳисоб-китоб қилинади. Кимнингдир эътиборсизлиги билан белгиланган лойиҳанинг ортга сурилиши, экспорт ўрнига импорт ҳажмининг ортишига олиб келади. Жойларда ҳокимларга ҳар бир соҳа бўйича ўринбосарлар, ҳар бир дастур юзасидан масъуллар тайинланди. Дастурлар бажарилмаётгани, белгиланган лойиҳалар кечикаётганининг сабаби нимада? Масъуллар вазифасини бажара олмаётганидами ёки воситачилар бепарволигидами?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).