Ишчи гуруҳ: Ҳар бир хонадонни обод қилиш ҳаракатимизга боғлиқ

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш, пандемия  оқибатларини юмшатиш ҳамда халқимизнинг кайфиятини кўтариш, оғир шароитда яшаётган оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш каби эзгу мақсадлар билан “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида долзарб уч ойлик эълон қилди.

Унга кўра, 2020 йил июнь–август ойларида “Обод маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хонадонлар ва кўчаларни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича тадбирлар амалга оширилади. Хонадонларда “маиший маданият”, “намунавий хонадон” тарғиб қилинади. Эҳтиёжманд ва камбағал оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш, томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳашарлар уюштирилади, нуронийларнинг ижтимоий фаоллиги оширилади. Ҳудудларда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловлари ташкил этилади.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун Республика ишчи гуруҳи тузилди ва гуруҳ аъзолари ҳудудларда иш бошлади.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бош мутахассислари – ишчи гуруҳ аъзолари М.Бўриева ҳамда Г.Асқарова вилоят штаби аъзолари билан биргаликда амалга оширилиши режалаштирилган ишларни муҳокама қилиб, туман ва шаҳарларда хонадонма-хонадон юришга киришди.

– Кеча Самарқанд туманидаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб борган ишчи гуруҳ хонадонларда аҳоли турмуш тарзи билан танишди. Уларни қийнаётган масалалар, муаммолар эшитилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди, – дейди Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Жумаева. – Ҳар бир оила бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ишлаб чиқилди. Шу тарзда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Баҳордаги кучли ёғингарчилик оқибатида Деҳнав маҳалласида яшовчи А.Абдураҳимовнинг ҳовлисини сув босган ва уйи авария ҳолатига тушиб қолган. Маҳалла томонидан ушбу хонадонга 2 ойга етадиган озиқ-овқат, пул маблағи, 4 тонна цемент ва бошқа қурилиш материаллари ёрдам тариқасида берилди. Уйни маҳалла аҳли билан ҳашар уюштириб қуришни зиммасига олди.

Ражабамин маҳалласида яшовчи С.Ачиловнинг турмуш ўртоғи саратон касаллиги сабабли 35 ёшида вафот этган. Уч нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Ушбу оилага карантин даврида маҳалла ҳомийлари томонидан бир неча маротаба озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда пул маблағи етказиб берилган. Ишчи гуруҳ бу оиланинг уй-жойини таъмирлаш зарурлигини қайд этиб, зарур чора-тадбирлар белгилади.

Равонак маҳалласида яшовчи К.Набиевнинг хонадонида 3 нафар ногирон эркак бор. Уларга оила аёли ва унинг 17 ёш қизи қарайди. Ушбу хонадондаги вазият ҳам чуқур таҳлил этилган ҳолда оилага 40 дона товуқ ажратишга қарор қилинди. Ҳовлидаги ёрдамчи бинолар ҳашар йўли билан таъмирланадиган бўлди.