Исҳоқхон Ибрат ҳақида бадиий фильм яратилди: Айрим лавҳалар Ҳиндистон ва Миср давлатларида олинган

Кейинги йилларда кино соҳасида узоқ тарихимиз ҳамда ватан озодлиги йўлида курашган, ҳаётини маърифат йўлида қурбон қилган тарихий шахслар сиймосини яратиш борасида хайрли ишларга қўл урилди. “Исломхўжа”, “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Элпарвар”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли” каби фильмлар фикримиз тасдиғидир.
Республикамизнинг етакчи кинорежиссёрлардан бири Жаҳонгир Қосимов яқинда яна бир тарихий алломамиз - Исҳоқхон Ибрат ҳақида “Ибрат” бадиий фильмини суратга олди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан ишланган мазкур фильм чор Россияси томонидан босиб олинган Ўзбекистоннинг мураккаб даврларида фаолият юритган маърифатпарвар, ноёб истеъдод эгаси, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири Исҳоқхон Ибрат ҳақида ҳикоя қилади.
Фильмда Ибрат бобомизнинг мураккаб йилларда енгилмас, матонатли, халқ манфати ва мақсади йўлида курашлардан қайтмайдиган феъл-атвор эгаси эканлигини кўрсатиб бериш билан бирга эл тинчлиги, тўқлиги ва эртаси фақат маърифат билангина қўлга киритилиши мумкинлиги илгари сурилган. Ибрат домланинг дунё кезиши, тил ўрганиши, неки янгилик ва яхшилик учраса она юртига тадбиқ этишга ҳаракат қилиши, юртнинг маърифат ва озодликка эришиш ғоясини тарғиб этадиган, қаерда ва қай ҳолатда бўлмасин маърифат учун курашишдан толмайдиган, нуфузли амалдор, қози эканига қарамай, ўз доирасидаги одамларга қарши бориб, доимо халқ тарафида турган инсон сифатида гавдалантирилган. Ибрат домланинг дунё кезганлиги билан боғлиқ айрим лавҳалар Ҳиндистон ва Миср давлатларида олинган.
Ибратнинг ёшлигини Россияда хизмат кўрсатган актёр Фарҳод Маҳмудов ижро этган. Шунингдек, фильмда Саидкомил Умаров, Матёқуб Матчонов, Михаил Каминский, Сейдулла Молдаханов, Абдураим Абдуваҳобов, Тоҳир Саидов, Фурқат Файзиев, Шаҳзода Матчонова ва бошқа таниқли актёрлар суратга тушган.
“Ибрат” бадиий фильми яқин кунларда экранларда намойиш этилади.
Фармон Розиқов,
“Ўзбеккино” миллий агентлиги
“Республика кинопрокат маркази”
Самарқанд вилояти филиали раҳбари.