“Ишратхона” ёки “Ашратхона” эмас, Султон Хованд Бека мақбараси
Самарқанд шаҳридаги ушбу обида ҳақида нималарни биласиз?
Султон Хованд Бека мақбараси ХV аср темурийлар даври меъморчилигининг ноёб намуналаридан бири бўлиб, Самарқанд шаҳрининг шарқий чекка қисмида, Регистон майдонидан тахминан икки километр узоқликда бунёд этилган. Манбаларда бу иншоот узоқ вақт “Ишратхона”, кейинги тадқиқотларда “Ашратхона” номи билан қайд этилган бўлса-да, вақф ҳужжатлари ҳамда тарихий маълумотлар асосида уни Султон Хованд Бека мақбараси деб аташ илмий жиҳатдан хулосаланмоқда.
Мазкур мақбара жойлашган ҳудуд Амир Темур даврида муҳим ландшафт ва сарой-боғ тизимининг таркибий қисми бўлган. Бу ерда бир вақтлар тахминан 1,5 гектар майдонни эгаллаган Фируза боғи мавжуд бўлиб, шу ҳудуд орқали “Дарвозаи Фируза”дан “Боғи Дилкушо” ва “Боғи Бўлди” томонга олиб борувчи серқатнов йўл ўтган. Обиданинг шаҳар тузилмасидаги ўрни ҳам унинг тасодифий эмас, балки олдиндан пухта ўйланган мемориал-меъморий мажмуа сифатида яратилганини кўрсатади. ХИХ аср ўрталарида Россиянинг Бухородаги элчихонаси аъзоси, топограф И.Яковлев Самарқанд шаҳри режасини тузганида, шаҳар дарвозасининг жануби-шарқидаги ушбу бинони йирик анъанавий белги билан кўрсатиб, “Амир Темур биноси” деб қайд этган.
Тарихий манбаларга кўра, мақбара темурий ҳукмдорлардан Абу Саид Мирзонинг рафиқаси Ҳабиба Султон бегим томонидан унинг қизи Султон Хованд Бека оға учун бунёд эттирилган. Бу ҳижрий 868 йилга, яъни милодий 1464 йилга оид вақф ҳужжати билан боғлиқ. Қурилиш ишлари 3-4 йил давом этган ва 1463 йил май ойида якунланган. Юқоридаги вақф ҳужжатига кўра, мақбара Фируза боғининг ғарбий бурчагида, Хўжа Абду Дарун мақбараси ёнида, Амир Жалолиддин Сухробнинг қизи Ҳабиба Султон Бегим томонидан қурдирилган. Ушбу ҳужжатда ёдгорлик бевосита “Султон Хованд Бека мақбараси” деб аталади. Демак, обиданинг асл тарихий мансублиги ва номланиши айнан шу шахс билан боғлиқдир.
Мақбара кейинчалик фақат бир шахс дафн этилган ёдгорлик бўлиб қолмай, темурийлар сулоласи аёллари ва болалари учун оилавий даҳма вазифасини ҳам бажарган. Археологик маълумотлар ерости қисмида кўплаб қабрлар мавжуд бўлганини тасдиқлайди. Археологик тадқиқотлар натижаларига кўра, ерости хилхонасида 23 та қабр қайд этилгани, бу обиданинг оддий мақбара эмас, балки сулолавий ёки оилавий дафн мажмуаси бўлганини кўрсатади. Айнан шу жиҳат мақбарани темурийлар дафн маросими анъаналари ва мемориал меъморчилиги тарихини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга ёдгорликка айлантиради.
Меъморий жиҳатдан Султон Хованд Бека мақбараси мураккаб ва ўзига хос композитсияга эга. У икки қаватли, баланд пештоқли, бурчакларида минорасимон унсурлар мавжуд, ички ва ташқи гумбазли монументал иншоотдир. Мақбара Амир Темур мақбараси каби хилхона ва зиёратхона қисмларидан таркиб топган, бироқ унинг энг муҳим ва ноёб жиҳати, гумбаз остида иккинчи қават ҳам жойлашган. Бу каби ечим темурийлар даври ва ундан кейинги кўплаб мақбараларда учрамайди. Шунинг учун ҳам ушбу обида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё меъморчилигида алоҳида ўрин тутади. Мақбаранинг биринчи қаватида ён томонларда қўшимча хоналар, кириш пештоқининг икки ёнида биттадан хона, жануби-ғарбий томондаги хонадан эса пастга – хилхонага тушадиган зинапоя жойлашган. Ҳар икки ён томондаги хоналар орқали иккинчи қаватга кўтариладиган зиналар мавжуд бўлиб, умумий зинапоялар сони тўрттани ташкил этади.
Мақбаранинг ерости қисми, яъни хилхонаси катта илмий қимматга эга. У марказий хона остида жойлашган бўлиб, унга шимоли-шарқий бурчак орқали тушилган. Бу ерга бурама зинапоя олиб борган, шунингдек, марҳумни тушириш учун хизмат қилган алоҳида йўлак ҳам бўлган. Режада у деярли тўғри саккизбурчак шаклга эга бўлиб, кенг, нисбатан яхши ёритилган ва шамоллатиш учун мўлжалланган учта туйнукка эга эди. Хилхона деворлари ва гумбазсимон ёпмаси ганч ҳамда алебастр сувоқ билан ишланган, айрим жойларда мармар бордюр ва кошинли панеллар излари аниқланган. Бу ҳатто ерости дафн хонасининг ҳам ниҳоятда ҳашаматли меъморий-бадиий ечим асосида безатилганини кўрсатади. Хилхона Амир Темур мақбарасидагидек 8–9 метр диаметрли, саккиз бурчакли шаклда қурилган бўлиб, том қисми нисбатан яхши сақланган. Хилхонадаги қабрлар сақланмаган, айримлари кейинги даврларда тушган тупроқ уюмлари остида қолиб кетган бўлиши мумкин.
Археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, хилхонада жойлашган қабрлар турли ёшдаги марҳумларга тегишли бўлган. Қабрларнинг айримлари вояга етган шахслар учун, бошқалари эса чақалоқ ва ёш болалар учун мўлжалланган. Улар асосан хом ва пишиқ ғиштдан терилиб, ганч билан сувалган. Баъзи қабрлар мармар плиталар билан ёпилган, айримлари ёғоч тўсинлар билан беркитилган. Қатор қабрларда скелет қолдиқлари сақланмаган, айримларида суяклар тартибсиз ҳолатда топилган. Бу ҳолат қабрларнинг қадимда талангани ёки кейинчалик безовта қилинганидан далолат беради. Айрим қабрлар ичидан мато қолдиқлари, тери излари, ёғоч ёки новда парчалари, ўсмир ва болаларга оид суяк бўлаклари қайд этилган. Бу маълумотлар мақбарада дафн маросимлари бир неча маротаба, эҳтимол, бир сулола ёки оила доирасида амалга оширилганини англатади.
Мақбаранинг ички ва ташқи безаги темурийлар даври санъати юксак даражада ривожланганини яққол кўрсатади. Тадқиқотчилар бино ички ва ташқи деворларининг бир вақтлар мармар панеллар, кошин, мозаика, зарҳал ва бўртма нақшлар билан ниҳоятда бой безатилганини қайд этадилар. Гумбаз ости таянч қисмининг безакли қопламаси бинонинг қуйи қисмларига нисбатан бой бадиий ранглар билан тўйинган бўлиб, бу ерда кўк ва оқ квадратларнинг ғиштли мозаикаси, терракота фонидаги геометрик нақшлар, юлдузсимон композитсиялар, ёзувли думалоқ фризлар, сталактит карнизлар ва розеткасимон безаклар ишлатилган. Пастдан юқорига қараб кучайиб борувчи ранг-баранглик юксак бадиий таъсир уйғотувчи мовий гумбаз билан якунланган.
Марказий зал ва унга туташ меъморий қисмлар безагида кундал техникаси ва мураккаб ранг-тасвир ечимлари муҳим ўрин эгаллаган. Оқартирилган гулганч сатҳ устига елим аралашмаси билан ишланган қизил кесак релеф, унинг устига эса олтин суви юритилган. Оқартирилган фон оч кулранг-кўк ранг билан қопланиб, ундан кейин қуюқ кўк ва хира кўк туслар билан безак композитсиялари ҳосил қилинган. Олтин нақшлар умумий безак тизимида нисбатан кам жойни эгалласа-да, улар асосий композитсион боғловчи унсур бўлиб хизмат қилган.
Бинонинг конструктив ечимлари ҳам диққатга сазовордир. В.Вяткин маълумотига кўра, мақбара гумбазининг баландлиги ердан 26,7 метр, иккинчи қават томидан эса 7,8 метр бўлган. Гумбаз барабанининг диаметри 8,75 метрни ташкил этган. Деворлари бошқа темурийлар даври биноларидан фарқли равишда икки ғишт қалинликда ишланган. Ички қисмлардаги конструктив тизим зилзилабардошликни таъминлашга қаратилган бўлиб, тўрт қатор камарлар орқали боғланган.
Вақф ҳужжатларигаа кўра, мақбарага ўз даврида вақф сифатида Самарқанддан Шаҳрисабзга кетиш йўлида жойлашган Малик саройи қишлоғи ерларининг ярми ажратилган. Ушбу даромад мақбарадаги хизматларни таъминлашга сарфланган. Вақф ҳужжатида қайд этилишича, иккинчи қаватда мақбарада дафн этилганлар учун Қуръон тиловат қилувчи қори — ҳужжатда “ҳофиз” деб берилган шахс, назоратчи ва хизматчи яшаган. Уларнинг ҳар бирига маош ва ғалла ажратилган: қори йилига 364 фулус ва 192 пуд ғалла, назоратчи 404 фулус ва 160 пуд ғалла, хизматчи эса 204 фулус ва 192 пуд ғалла билан таъминланган.
Ёдгорлик тақдири кейинги асрларда мураккаблашган. Унинг харобага айланиши ХVI асрдан бошланган. ХV аср охири — ХVI аср бошларида Ўрта Осиёда юз берган сиёсий ўзгаришлар, яъни ҳокимиятнинг темурийлардан шайбонийларга ўтиши натижасида мақбарага бўлган эътибор пасайган. ХVII асрда ёдгорликдаги айрим қабр тошлари яқин атрофдаги Абду Дарун қабристонига кўчирилиб, эски ёзувлари ўчирилиб, ўрнига янгилари ёзилган. Россия империясига қарамлик йилларида коллексия тўпловчилар қабрларни очишга уринганлари қайд этилади.
ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида обиданинг аҳволи янада оғирлашади. Россия император археология комиссияси архиви нусхаларидан маълум бўлишича, Самарқандга келган хорижликлар мақбаранинг кошинларини темурийлар пойтахтидан эсдалик сифатида қўпориб олиб кетган. Чор маъмурияти эса ёдгорлик тақдирига етарли эътибор бермаган. 1897 йилдаги ер силкиниши вақтида мақбара кучли зарар кўриб, тўртта ҳужраси қулаб тушган. 1902 йилда эса яна иккита хона гумбази қулаган ва натижада асосан қурилиш фасади сақланиб қолган, қолган қисми эса ғишт ва цемент уюмидан иборат тепаликка айланган.
Мақбара илмий жиҳатдан кўплаб олимлар эътиборини тортган. Унинг дастлабки суратлари ва тавсифлари немис шарқшуноси ва санъатшуноси Фридрих Сарр номи билан боғлиқ бўлиб, у Султон Хованд Бека мақбарасига оид фотосуратларни 1899 йилда Берлинда, 1903-йилда Парижда намойиш этган. Кейинроқ Эрнст Кон-Винер ҳам ўзининг 1930 йилда Берлинда чоп этилган “Турон: Ўрта Осиёда ислом меъморчилиги” асарида мақбаранинг бир неча суратини эълон қилган.
2007 йилда Германиянинг Потсдам амалий санъат мактаби ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабалари доктор Штеффен Лауе раҳбарлигида мақбарада тадқиқот олиб бориб, деворий суратлар ва сопол қопламалардан намуналар олди, лаборатория шароитида рангларнинг микрокимёвий таҳлилини амалга оширди. Шу маълумотларга таянган ҳолда безакларнинг дастлабки ҳолатини тиклашга қаратилган реставратсион тажрибалар ҳам ўтказилди. 2009 йилда эса Веймар университети профессори Енс Ёрдан раҳбарлигида Дрезден университети талабалари учун Самарқандда амалий машғулот ташкил этилиб, мақбарани реставратсия қилиш ва ундан фойдаланиш муаммолари ўрганилди. Натижада бу ерда кичик музей мажмуаси ташкил этиш, муҳандислик коммуникатсияларини тўғри жойлаштириш, транспорт шовқинини камайтириш, дам олиш муҳити яратиш ҳамда ёдгорликни 3D моделлар ва доимий кўргазмалар билан бойитиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Бугунги кунда мақбаранинг том қисми ёпилиши билан қисман консерватсия қилинган. Ёдгорликда сайёҳлар учун йўналтирувчи ахборот, экспозитсион талқин, хизмат инфратузилмаси ва тушунтирувчи материаллар ҳам яратилган. Чунки Султон Хованд Бека мақбараси меъморий ечимлари, икки қаватли гумбазли композитсияси, оилавий дафн мажмуаси сифатидаги функсияси, бой ички безаклари ва темурийлар даври дафн маросимларига оид нодир археологик маълумотлари билан нафақат Самарқанд, балки бутун Марказий Осиё тарихий-маданий меросининг бебаҳо қисмидир.
Султон Хованд Бека мақбараси фақат бир тарихий бино эмас, у темурийлар сулоласи хотирасини, ХВ аср Самарқандининг юксак меъморий дидини, безак санъатининг нозик намуналарини, сулолавий дафн маросими анъаналарини ва кўп асрлик тарихий тақдирни ўзида мужассам этган ноёб ёдгорликдир. Шу боис ушбу обидани тарихий манбалардаги ноаниқ ёки кейинги давр номлари билан эмас, айнан унинг тарихий шахсий мансублигини ифодаловчи Султон Хованд Бека мақбараси номи билан талқин этиш тўғрироқ бўлади.
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, музейшунос.