Изланувчан истеъдод эгаларига имкониятлар эшиги очилмоқда

Вилоят аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Улар орасидан кейинги 3 йилда 3 нафари “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, 1 нафари “Келажак бунёдкори” медали ва 4 нафари “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган.

“Манзилли режа” ва “Йўл харитаси” лойиҳаларига кўра, 2020 йилда ишсиз  ёшларнинг 24 минг 177 нафарининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, йилнинг ўтган 6 ойи давомида 16 минг 162 нафар ёш ишли бўлди.

“Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида 1052 нафар ёшга ер майдонлари ажратиб берилди. 

“Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури доирасида шу пайтгача “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуалари вилоятнинг 7 та ҳудудида фаолият юритмоқда. Жумладан, Нарпай туманида 3 та, Иштихон туманида 2 та, Булунғур, Жомбой, Пайариқ, Ургут, Нуробод туманларида 1 тадан жами 10 та мажмуа ишга тушиб, 110 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган. Самарқанд шаҳрида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази қуриб битказилди ва 4 та янги иш ўрни яратилди.

- Кейинги йилларда ёшларимизга қатор қулайликлар яратилиб, имконият эшиклари очилмоқда, - дейди Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳусан Тўхтаев. - Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада зарур ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида агентлик ташкил этилгани вилоятимиз ёшларининг ҳам кўнглидаги гап бўлди. Айниқса, Ёшлар ишлари агентлигининг иқтидорли ёшларни етакчи хорижий олий таълим муассасаларига таълим олиш учун юбориш, халқаро танловларда иштирок этишини таъминлаш муҳим вазифаларидан бири эканлиги ёш авлодни ўз устида ишлашга, изланишга ундаши билан аҳамиятлидир.

Яқинда ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ҳам хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик масалаларида ёшларнинг роли ва ўрнини оширди, десак муболаға бўлмайди.

Шаҳноза Холиқова.