Жаҳон чемпионатининг расмий рамзи тақдим этилди

Қатар пойтахти Доха шаҳрида 2022 йил ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг расмий рамзининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, ЖЧ-2022 мусобақа ташкилий қўмитаси қарори билан мазкур рамз дунёнинг бир неча давлатларида, шу жумладан, Москва, Нью-Йорк, Париж, Берлин, Лондон, Мадрид, Милан каби шаҳарларда, Бразилия, Аргентина, Мексика, Чили, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Ливан, Қувайт, Уммон, Иордания, Ироқ, Тунис, Жазоир ва Мароккода тақдим қилинди.

Рамзнинг эгик чизиқлари қумтепаларни ифодалаб, узлуксиз ҳалқа, яъни, 8 шаклида тасвирланган. Бу эса жаҳон чемпионати ўйинлари ўтадиган 8 ўйингоҳ ва воқеаларни бир-бири билан боғлаб турувчи чексизлик белгисини билдиради.

Ҳалқа рамзнинг марказида жойлашган бўлиб, у жаҳон кубоги шаклини такрорлайди, араб дунёси ва Форс кўрфази халқларининг анъанавий бош кийими – шойи куфийдан илҳомланиб тасвирланган.

Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича навбатдаги XXII - жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябрдан 18 декабргача Қатарнинг 7 та шаҳрида бўлиб ўтади.