“Жасорат мактаби”: Ёшлар ҳарбий-ўқув йиғин машғулотларида тобланади

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир уюшмаган ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида 100 нафар ёш учун “Жасорат мактаби” ўқув-йиғинининг навбатдаги мавсуми бошланди.

Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ташкил этилган йиғин иштирокчилари Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида масъул офицерлар томонидан тантанали кутиб олинди. Сўнг, иштирокчилар шифокорлар кўригидан ўтказилиб, уларга ҳарбий либослар тарқатилди.

Ўн кунлик ҳарбий-ўқув йиғин давомида маънавий-маърифий ва бизнес сабоқлар, жанговар тайёргарлик машғулотлари, психологик, мотивацион тренинглар олиб борилади. Шунингдек, спорт мусобақалари, «Сенатор ва ёшлар», «Қўмондон ва ёшлар», “Раҳбар ва ёшлар”каби бир қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.