Кабиса йилидаги қўшимча кун қаердан олинган?
Кабиса йили - қуёш тақвимларида қўшимча 29 февраль кунини ўз ичига олган календарь йили. Келгуси 2024 йил кабиса йили бўлади.
Кабиса йили нимадан келиб чиққан?
Ер Қуёш атрофида 365 кун, 5 соат, 46 дақиқа ва 48 сонияда тўлиқ айланишни амалга оширади. Милоддан аввалги 45 йилнинг 1 январидан Рим диктатори Гай Юлий Цезарь Римда юнон астрономи Созиген бошчилигидаги искандария астрономлари томонидан ишлаб чиқилган тақвимни жорий қилди. Бу астрономик йил тахминан 365,25 кунга (365 кун ва 6 соат) тенг эканлигига асосланди.
Кабиса бўлмаган йилларда кунлар сони 365 кунга яхлитланган. Шу сабабли йиғилган олти соатлик кечикишни вақти-вақти билан қоплаш учун кабиса йили жорий этилди. Агар биз доимий равишда кабиса йилларини киритмасдан йилларни яхлитлаб борсак, вақт ўтиши билан календаримиз аста-секин мавсумий ҳодисаларга нисбатан ўзгаради.
Нега айнан тўрт йилда бир марта?
Чунки айнан шу давр давомида “қўшимча” календарь кун йиғилиб қолади. (6 [соат] * 4 [йил] = 24).
Кабиса йиллари ҳақида қизиқарли фактлар:
– Европада ҳар тўрт йилда бир марта 29 февраль куни аёллар эркакларга мустақил равишда турмуш қуришни таклиф қилишлари мумкин бўлган анъана бор;
- “La Bougie du Sapeur” француз сатирик газетаси биринчи марта 1980 йил 29 февралида нашр этилган ва шундан бери фақат кабиса йилларда чоп этиб келинади. Шуниси эътиборга лойиқки, газетада ҳажвиялардан ташқари кроссвордлар ҳам чиқади, уларнинг тўғри жавобини эса фақат тўрт йилдан кейинги навбатдаги сонида топиш мумкин. “La Bougie du Sapeur”нинг бир аср давомидаги обуна баҳоси 100 евро;
- 29 февралда таваллуд топган одамлар ўз туғилган кунини фақат тўрт йилда бир марта нишонлаши мумкин. Бироқ, улар ўзини ғурур билан дунёнинг “Кабиса йили пойтахти” деб атайдиган ва ҳар йили 29 февралда туғилганлар шарафига фестиваль ташкил қилинадиган Техаснинг Энтони шаҳрида байрамни кенг миқёсда нишонлаши мумкин.
Одамлар орасида кабиса йиллари билан боғлиқ кўплаб хурофотлар ва хавфсирашлар мавжуд. Баъзи одамлар шу йилларда тез-тез фалокатлар ва бахтсизликлар содир бўлишига ишонади. Бироқ, бошқа йилларда ҳам кабиса йиллари каби ҳам яхши, ҳам ёмон воқеалар содир бўлиб туради.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.