Каттақўрғонда ўқув машқлари бошланди
Каттақўрғон шаҳар ва Каттақўрғон туманида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари бўлиб ўтмоқда.
Уч кун давом этадиган ўқув машқлари режасига кўра бугун эрта тонгдан шартли равишда содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон тумани аҳолисига йиғин сигнали берилди.
Шунга кўра, барча корхона ва ташкилот раҳбарлари фавқулодда вазият тўғрисида огоҳлантирилди ва масъуллар Каттақўрғон тумани ҳокимлигида йиғилди.
Унда шартли зилзила оқибатида туман ҳудудида содир бўлган вазиятни баҳолаш, таклифлар киритиш бўйича комиссия раислари, шаҳар ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарларининг ҳолат бўйича хулосалари тингланди ҳамда барча масъул жавобгар шахслар туман ҳокими - Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан вазифадор этилди.
Зилзила натижасида кўрилган талафотларни бартараф этиш ва аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида Каттақўрғон тумани Ёшлик ўйингоҳида 70 дан ортиқ техника ва барча куч воситалари жамланиб, кўрикдан ўтказилди.
Ўқув машқлари давом этмоқда.
Асқар Баротов.