Мурувват уйида ифторлик дастурхони ёзилди

Рамазон ойи муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Ўзбеккенти маҳалласида жойлашган “Келажак ворислари” оилавий болалар мурувват уйида ифторлик дастурхони ёзилди.

- Мағфират ва раҳмат ойининг фазилати беқиёс, - дейди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Шундай қутлуғ кунларда ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатиш хайрлидир. Бугун оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг қалбида хурсандчилик ва бахтиёрлик ҳиссини уйғотиш мақсадида улар билан дийдорлашдик, кўнгилларига кўтаринкилик бағишлашга ҳаракат қилдик. Бу ўғил-қизларимиз келажакда Ватанимизга, халқимизга ва динимизга садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишади, иншоаллоҳ.

Бу ерда тарбияланаётган, тақдир тақозоси билан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 20 нафарга яқин болаларга Рамазон туҳфалари улашилди. Тарбияланувчиларнинг аввалдан билдирган истакларига биноан уларга телевизор ҳам совға қилинди.

Бу каби хайрли тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида ташкил этилмоқда. Ногиронлиги бор, кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган ва бошқа эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиняпти. Уларга имом-хатиблар томонидан “Рамазон ҳадя”лари улашилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ.