Китоб тақдимоти: "Олтин сабр", "Мен газетаданман..."

Жомбой туманидаги 46-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, ёзувчи ва публицист Сабоҳат Норбўтаеванинг “Олтин сабр” ва “Мен газетаданман...” китоблари тақдимоти ўтказилди.

- С.Норбўтаева асли Жомбойдан, илк меҳнат ва ижод фаолиятини туманда чоп этиладиган “Шонли меҳнат” (ҳозирги “Жомбой тонги”) газетасида бошлаган, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Ўсарова. - Кейинчалик “Сирдарё ҳақиқати”, “Солиқ ва божхона хабарлари”, “Адолат кўзгуси” газета таҳририятларида ишлаган. Унинг “Олтин сабр” китобидан ўрин олган ҳикояларда оилада учраб турадиган яхши ва кескин муносабатлар, оғир синовлар ва уларни енгишда сабр ва матонат кўрсатиш моҳирона талқин қилинган. “Мен газетаданман...” китобида эса унинг мухбирлик ва газета билан боғлиқ ажойиб хотиралари, турли йилларда босилган публицистик мақолалари жой олган.

 Тақдимотда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими аъзолари, 46-мактабни бундан салкам ярим аср аввал битирган собиқ ўқувчилар ҳамда ёш китобхонлар иштирок этиб, ушбу китобларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, бўлғуси журналистлар учун дастурил-амал бўлиши ҳақида сўз юритди.