Комиссия аъзолари ўқитилди

Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси”га мувофиқ, шу кунларда жойларда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилмоқда.

Паст Дарғом туманида тузилган 90 та участка сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам шундай ўқувлар ташкил этилган.
- Республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йилнинг 29-30 май кунлари ҳудудий тренерлар учун семинар-тренинглар ташкил этилган эди, - дейди 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси Латиф Рустамов. - Эндиликда мазкур тренерлар томонидан участка сайлов комиссияси раиси, ўринбосари ва котиблари тайёрланяпти. Ўқув курсларини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режаларига мувофиқ, маъруза матни, топшириқ саволлари, тест, тақдимот, инфографика, видео-дарслар кўринишидаги ўқув-услубий материаллар тайёрланган бўлиб, машғулотлар мазмуни ушбу ўқув-услубий материалларга асосланган.
Машғулотлар давомида малакали экспертлар томонидан тайёрланган “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича ўқув-амалий қўлланма” асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонун ҳужжатлари, сайлов комиссиялари ва уларнинг ваколатлари, сайловчилар рўйхатлари билан ишлаш каби масалалар тушунтирилди.