Конфуций институти олимлари самарқандлик талабалар билан мунозарага киришди

Самарқанд давлат университетида СамДЧТИ қошидаги Конфуций институти директори Ли Чэнху, ўқитувчилари - Би Фенгюн, Ли Лей, Жоу Сиаосиао, Ҳуай Юфейнинг талабалар билан учрашуви ўтказилди. Уларга А.Тўхтамишев, Ж.Рўзимуродов, Э.Мусурмонов ҳамроҳлик қилди.

Тадбир давомида Конфуций институти ўқитувчилари томонидан талабаларнинг хитой тилини ўрганганлик даражасини баҳоловчи HSK имтиҳонлари ҳақида тушунчалар берилди. Университетнинг халқаро таълим дастурлари факультети талабалари учун online дарс, “Хитойча тез айтиш” мавзусида нутқий мусобақа ташкил этилди.

- Айни пайтда Хитойда Янги йил - кўклам байрами нишонланяпти, - дейди Буюк Ипак йўли халқлари маданий ва адабий мероси илмий-тадқиқот маркази директори Э.Мусурмонов. – Хитойлик ўқитувчиларнинг бу хусусдаги маълумотлари талабаларни кўҳна Чин мамлакати ҳақидаги қизиқишини орттирди. Шунинг учун улар хитой таълими, тили, маданиятига доир ўзларини қизиқтирган саволлар билан хитойлик мутахассисларни қизғин суҳбат ва мунозарага чорлади.

Тадбир якунида Конфуций институти ўқитувчилари фаол талабаларни тақдирлашни унутмади: уларга эсдалик совғалар тақдим этди.