Кўп миллатли бир халқмиз

Самарқанд давлат университетида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан юртимизда ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.

Миллатлараро муносабатлар барқарорлигини таъминлаш, миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлаш ҳамда турли салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Соҳибназар Боймуродов, Самарқанд давлат университети биринчи проректори Субҳон Аббосов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов ва миллий маданий марказлар вакиллари юртимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар.

- Самарқанд қадимдан илм-фан, маданият ва маънавият маркази сифатида алоҳида эътироф этилиши билан бирга турли миллат ва элатлар вакиллари ҳамжиҳат яшаб келаётган дўстлик маркази ҳамдир, - деди Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Соҳибназар Боймуродов. – Бугунги кунда вилоятда 11 та миллий маданий марказ ва 1 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Шунингдек, 22 та ноисломий ибодатхонада турли миллат вакилларининг ўз диний маросимларини адо этишлари учун шарт-шароит яратилган. Рус халқининг “Масленица”, татар халқининг “Сабантуй”, корейсларнинг “Чусок”, немис халқининг “Супер онахонлар” каби байрамлари вилоятда кенг нишонланиб келинмоқда. Умуман олганда, вилоятимизда мавжуд барча миллат ва элат вакилларининг ўзига хослигини сақлаш, миллий урф-одат ва анъаналарини давом эттиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Энг муҳими, улар ҳам ўзларини Ўзбекистон ҳудудидаги бошқа халқ сифатида эмас, балки шу юртнинг корейси, руси, поляги ва бошқа миллатлар вакиллари ҳисоблашмоқда.

Тадбирда турли миллат ва элат вакилларининг куй-қўшиқлари, шеърлари намойиш этилиб, улар орқали ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ришталарининг мазмун-моҳияти тараннум этилди.

– Биз турли миллат ва элат вакилларидан иборат бир халқмиз, ватанимиз Ўзбекистон, буни ҳеч биримиз инкор этмаймиз ва бундан ғурурланамиз, - дейди “Полонез” поляк миллий маданий маркази раиси Тамара Татаренко. – Самарқандлик поляклар ҳақида гапирадиган бўлсам, ўзбекистонлик полякмиз. Миллатимиз бошқа бўлса-да, шу юрт фуқаросимиз ва бундан қаерда бўлмайлик ғурурланамиз. Аслида, одам учун ҳақиқий миллат бу инсонийликдир. Инсон ўзининг қадр-қиммати, шаъни қаерда улуғланса, ўша ер унинг учун ватан. Биз, фарзандларимиз бугун шу заминда ўсиб-улғайиб, ўз ўрнимизга эга бўлдик. Келажак авлодимиз ҳам ўзини шу юртнинг тўлақонли фуқароси сифатида ҳар томонлама ҳис этиб яшашига ишончим комил.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари томонидан турли тилларда шеърлар ўқилди. Шунингдек, миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда вилоятимиз санъат усталари томонидан Ватан, тинчлик, дўстлик тараннумига бағишланган қўшиқлар ижро этилди.