Коронавирус: Бугунгача дунёдаги вазият
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) берган маълумотга кўра, коронавирус билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 24 мартнинг иккинчи ярми ҳолатига 370 (23 март ҳолатига – 292 мингдан ошиқ) мингдан ошиб кетди.
АҚШнинг Жонс Хопкинс университети берган маълумотларга қараганда, 25 март эрталабки ҳолат бўйича, дунё бўйлаб касалланганлар сони 422 мингга етган, улардан 108.5 минг нафари соғайган.
Қайд этилган касалланганлар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. У ерда 81591 нафар касалланган қайд этилган. Иккинчи ўринда – Италия 69176 (24 март ҳолтига – 63927) нафар касалланган. Учинчи ўринда АҚШ - 55148 нафар касалланган. Коронавирус оқибатида энг кўп вафот этганлар сони Италияда қайд этилган – 6820 нафар бемор (24 март ҳолатига 6077 бемор), иккинчи ўринда Хитой - 3281 нафар бемор (24 март ҳолатга - 3277 бемор) ва учинчи ўринда Испания – 2992 нафар бемор (24 март ҳолатига - 2182 бемор).
Коронавирус оқибатида вафот этганлар сони дунё бўйича 18557 нафарга етди (Жонс Хопкинс университети маълумоти).
Тақдим этилган сўнгги маълумотларга қараганда, Россия Федерациясида касаллик юқтирганлар сони 495 кишини ташкил этмоқда, улардан 290 нафари Москвада қайд этилган.
Сўнгги кеча-кундузда дунё бўйлаб 40 мингга яқин янги касалланганлар аниқланди, деб хабар берди ЖССТ.
Италия ҳукумати карантин тартибини бузган фуқароларга нисбатан жарима қийматини оширди. Тартибни бузганларга 400 евродан 3 минг еврогача жарима жорий этилади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат иқтисодиётини қутқариб қолиш учун америкаликлардан ишларига қайтишларини сўради. “Биз ишга қайтишимиз керак. Грипп туфайли минглаб одамлар нобуд бўлади. Биз автоҳалокатлар туфайли янада кўпроқ одам йўқотамиз. Шу билан бирга биз авто ишлаб чиқарувчилардан автомобиль ишлаб чиқармасликларини сўрамаймизку?!”.