Охирги суткада дунёда 600 минг нафардан ортиқ янги касалланиш ҳолати қайд этилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 96 миллион 877 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Шундан, 2 миллион 098 мингдан зиёд киши вафот этган. Охирги сутка давомида дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг 600 790 янги ҳолати аниқланди, 15 846 нафар бемор вафот етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Жонс Хопкинс университетининг ҳозирги маълумотларига кўра, дунёда касалликни 98 миллион 728 мингдан ортиқ одам юқтирган, улардан 2 миллион 120 мингдан ортиғи вафот этган.
Касаллик тасдиқланган ҳолатлар бўйича АҚШ биринчи ўринда турибди. У ерда ЖССТ маълумотларига кўра, 24,413 миллиондан ортиқ коронавирус инфекциясини юқтирганлар аниқланган. Иккинчи ўринда Ҳиндистон (10,639 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (8,697 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Россия (3,698 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Буюк Британия (3,583 миллиондан ортиқ).
ЖССТ маълумотларига кўра, бир сутка давомида АҚШда 188 176, Ҳиндистонда 14 256, Бразилияда 59 119, Россияда 20 921, Буюк Британияда эса 40 261 нафар янги касалланиш ҳолати аниқланган.