Bizni kuzating

Коррупцияга қарши кураш қоғоздаги ҳисоботлар билан эмас, ҳаётдаги ўзгаришлар, аниқ натижалар билан ўлчанади

Вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича республика ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятида ўтказган ўрганишлари натижалари, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олишга қаратилган долзарб чора-тадбирлар бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда вилоятда коррупциянинг олдини олиш, соҳалар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда бошқарув жараёнларини рақамлаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилган.

Вилоят прокурори ўринбосари Учқун Бутуновнинг қайд этишича, кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида вилоятда коррупция ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 тага камайган. Бозорлар фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига тушумлар аввалги йилларга нисбатан 5,8 миллиард сўмга ошган. Айрим соҳалар ходимларининг боди-камералар билан таъминланиши хизмат фаолиятида шаффофликни кучайтириб, коррупциявий ҳолатларнинг сезиларли камайишига хизмат қилган.

Бироқ баъзи йўналишларда коррупциявий хавф-хатарлар ва тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Жумладан, бозорларда рақамлаштириш ишлари республикада биринчилардан бўлиб жорий этилган бўлса-да, патта йиғиш, автомобиль тўхташ жойларидан фойдаланиш ва тўловларни ундириш жараёнларида ҳанузгача қонунга зид ҳолатларга дуч келинмоқда. Шунингдек, жойларда солиқ ва бюджет тушумларини таъминлашдаги муаммолар, автомобиль жарима майдончалари фаолиятидаги камчиликлар, тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш ишларининг етарли даражада йўлга қўйилмагани, мактабларни видеокузатув камералари билан таъминлаш борасидаги сусткашликлар кўрсатиб ўтилди.

Муҳокамалар давомида вилоят бозорлар уюшмаси, солиқ органлари, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари масъуллари аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши юзасидан ахборот берди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни ечиш, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, хизмат кўрсатиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва ҳар бир соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъул ташкилотлар фаолиятида шахсий жавобгарликни кучайтириш ҳамда «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.