Кутилган ва кутилмаган истеъфолар
Россия давлати тарихига эътибор билан назар солган киши қизиқ бир қонуниятни кашф этади.
1825 йилда Санкт-Петербург шаҳрида декабристлар қўзғолон қилиб, подшо ҳукуматига қарши бош кўтарганди.
1865 йилда озод қилинган крепостной деҳқонларни янги босиб олинажак ерлар билан таъминлаш мақсадида чор ҳукумати Туркистонга ҳарбий юришни бошлади.
1905 йилда биринчи рус инқилоби рўй берди. Ҳокимиятни қўлга олган инқилобчилар 1945 йилда узил-кесил ғалаба қозондилар.
1985 йилда қайта қуриш меъмори Михаил Горбачёв ҳокимият тепасига келди.
Сезаётган бўлсангиз, ушбу ҳар бир йирик тарихий воқеанинг содир бўлиш оралиғи роппа-роса 40 йилни ташкил қилади. Шу қонуниятдан келиб чиқадиган бўлсак, бу мамлакатдаги навбатдаги бурилиш 2025 йилда содир бўлиши керак. Ундан кейинги оламшумул воқеа 2065 йилда юз бериши кутилади.
Янги 2020 йил ҳам Россия Федерацияси сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар билан бошланди. Дастлаб Дмитрий Медведев ҳукумати тўлиқ таркиби билан истеъфога чиқди. Кейин Россия Конституциясига ўзгартишлар киритиш тадбирлари бошланиб кетди. Янги бош вазир тайинланди. Ҳолбуки, яқиндагина президент Путин собиқ бош вазир Медведевнинг иш фаолиятига юксак баҳо берган, конституцияни ҳам ўзгартиришга айтарли эҳтиёж йўқ эди.
Ҳамма гап шундаки, 2024 йилда Россияда навбатдаги президент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Конституция талабига биноан Путин президентликни янги номзодлардан бирига топшириши шарт. Аммо “аёлга бахт ширин, подшога тахт” деганларидек, амалдаги президентнинг “ширин” курсисидан айрилгиси йўқ.
Россияни Беларусь билан бирлаштириш ва шу баҳонада ташкил этилажак янги давлатга раҳбар бўлиш истаги президент Александр Лукашенконинг қайсарлиги оқибатида амалга ошмай қолгач, Путин тезлик билан 2024 йилда ҳокимият давомийлигини таъминлаш тадоригини кўришга киришди. Конституцияга янги киритиладиган ўзгартиришларга биноан, Россияда ҳам худди Хитойдагидек Давлат Кенгаши тузилиши мўлжалланмоқда ва президентнинг ҳозирги ваколатларидан бир нечаси ушбу кенгашга, яна бир қисми эса парламентга берилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу режа бўйича Путин ваколатини янги президентга топширгач, Давлат Кенгаши раислиги лавозимини қабул қилади ва реал бошқарувни яна ўз қўлига олади. Бундай йўл тутилишининг бир неча муҳим сабаблари бор.
Авваламбор, Россия гарчанд, расман федерация шаклидаги давлат ҳисобланса-да, аслида империя мазмунидаги салтанатдир. Шу боис у ерда ҳар гал ҳокимият алмашинуви албатта, катта бир талотумларни келтириб чиқариши тарихдан яхши маълум. Ҳатто, яқиндагина содир бўлиб ўтган воқеалар мисолида кўрадиган бўлсак ҳам ушбу манзарани кузатиш мумкин.
Айтайлик, ўзаро келишилган ҳолда, конституциявий тартибни бузмаслик мақсадида 2008 йилда ўтказилган президент сайловида Путин ҳокимиятни бир муддат номига бўлса-да, Дмитрий Медведевга топширганди. Ана шу қисқа муддатда ҳам мамлакатдаги демократик кучлар анча қувватланиб, президент яккаҳокимлигига қарши жиддий хавотир пайдо қилди.
Владимир Путин 2012 йили яна ҳокимият тепасига қайтгач, бошқарувни қаттиққўллик билан давом эттирди. Натижада, ҳозирги пайтда жорий сиёсатга қарши чиқувчи бирорта жиддий мухолифат куч қолмади. Борис Немцов номардларча отиб ўлдирилгач, бошсиз қолган демократик кучлар ўз-ўзидан парокандаликка юз тутди.
Бу тадбирлардан кўзда тутилган яна бир мақсад ҳокимиятга ишончи йўқолиб бораётган халқнинг розилигига эришишдир. Қрим ярим ороли Украинадан ажратилиб, Россияга қўшиб олинган 2014 йилда президентнинг обрў рейтинги рекорд даража – 86 фоизга кўтарилиб кетганди. 2019 йилнинг охирига келиб, бу миқдор 35 фоизга тушиб қолди.
Бунинг бир қанча объектив ва субъектив сабаблари борки, улар ҳақида муфассал тўхталадиган бўлсак, мақоламиз жуда чўзилиб кетади. Бундаги бирламчи асосий сабаб шуки, мамлакатда иқтисодий вазият кундан-кунга ёмонлашиб, узоқ-яқиндаги қўшнилар билан муносабатлар тобора бузилиб бораётир. Охирги катта иттифоқчи Хитойда машъум касалликнинг тарқалиши жиддий хавотирлар пайдо қилаётир. Ахир рус хом ашёсининг асосий харидори ҳам шу мамлакат эди-да. Бунинг устига жаҳон миқиёсида нефть ва газ нархларининг арзонлашиб, ҳарбий харажатларнинг ортиб бораётганлиги муаммоларни янада кўпайтирмоқда.
Тўғри, Россиянинг бой табиий ресурслари, кучли иқтисодиёти, ҳукуматининг қора кунларга асраб қўйган олтин-валюта захиралари мавжуд, аммо “ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди” деганларидек, давлат хазинасининг ҳам имкониятлари чексиз эмас. Гарчанд, расмий оммавий ахборот воситалари орқали бу гаплар ошкор қилинмаса-да, мамлакатда қашшоқлар сонининг кўпайиб бораётганлиги нохуш ҳолатни фош қилиб қўймоқда. Ана шулар боис бўлса керак, Путин ҳукуматда жуда катта ўзгаришларни амалга ошириб, вазиятни тузатишга уринмоқда.
Шов-шувли истеъфолардан яна бири президент Путиннинг Украина масалалари бўйича куратори Владислав Сурковнинг лавозимидан кетиши бўлди. Чунки бу шахс узоқ йиллардан буён президентнинг бош маслаҳатчиси сифатида Россия сиёсий ҳаётининг асосий йўналишларини белгилаб келаётганди.
Асли ном-насаби Аслам Дудаев бўлган бу сиёсий арбоб Чеченистонда туғилган бўлиб, кейинчалик гўдаклигида Россияга олиб кетилган ва унга онасининг фамилиясини бериб, номини ҳам Владислав дея ўзгартиришган. Кейинги 20 йиллик даврда Сурков Путиннинг энг яқин ёрдамчиларидан бири бўлиб келди. Чеченистонда урушни тўхтатиб, тинчлик ўрнатилишида Сурковнинг бебаҳо хизмати бўлганлиги боис президент Путин унга энг масъул вазифаларни ишониб топширарди. Аммо Владислав Украина масаласи бўйича ишни “атала” қилиб қўйди.
Умуман, кейинги пайтда Кремль сиёсатида чуқур сифат ўзгаришлари рўй бераётир. Бир вақтлар рус сиёсатининг отахони Владимир Жириновский Россияга мигрантларнинг визасиз кириши ва собиқ совет республикалари билан ҳамкорлик қилишга қарши эди. Эндиликда унинг кўзқараши ҳам кескин ўзгарди. Россиянинг ҳамкорлик йўналиши жануб томонга бўлиши керак, деган тўхтамга келди.
Албатта, иттифоқ бўлиб аҳил яшашга нима етсин. Бироқ бундаги битта катта муаммо шундаки, йирик давлат билан кичик мамлакат ўртасида тенгҳуқуқли ҳамкорлик бўлиши қийин. Бу ҳолатни Россия билан Беларусь орасидаги муносабатларда яққол кўришимиз мумкин. Бу икки давлат ўртасидаги яқин алоқалар охири шунга олиб келдики, Путин Беларусни ўз мустақиллигидан воз кечиб, Россия билан қўшилишини истаб қолди. Шубҳасиз, Лукашенко бунга қатъий қаршилик кўрсатмоқда.
Энди ўзингиз тасаввур қилинг: қарама-қарши томонга ҳаракат қилаётган икки киши ўзаро ҳамроҳ ва ҳамкор бўла оладими? Табиийки, Сиз “йўқ” деб жавоб берасиз. Россия билан дунё харитасида янги пайдо бўлган мустақил республикалар ҳозир худди ана шундай ҳолатда туришибди. Айтайлик, собиқ СССРнинг тарқалиб кетиши биз учун озодлик ва истиқлолга йўл очган бўлса, Владимир Путиннинг фикрига кўра, бу тарихий воқеа Россия учун “ХХ асрдаги энг буюк геосиёсий ҳалокатдир”. Ёки бўлмаса, биз мамлакатимизда озод, ҳуқуқий-демократик жамият барпо этаётган бўлсак, кремлдагилар ҳокимият вертикалини мустаҳкамлаб, милитар-авторитар давлат қуришмоқда. Чунки Россияда демократик давлат қуриб бўлмаслигига ўзлари ҳам тобора ишонч ҳосил қилишмоқда. У ерда бунга икки марта уриниб кўришган. Икки ҳолатда ҳам (1917 йил ва 1991 йилларда) империя демократик ислоҳотлар натижасида инқирозга юз тутиб, титилиб кетган.
Биз дунёга эшикларимизни кенг очиб, тинчликка, ҳамкорликка интилаяпмиз. Россияликлар эса яккаланиш тамойилига амал қилиб, ярим дунё билан аразлашиб, яқин қўшниларининг ерини тортиб олиб, ўзига хос жайдари сиёсат юргизишмоқда. Ўзга мамлакатлар халқлари устига ажал уруғини ёғдиришмоқда. Майли, бу уларнинг ички иши. Аммо тинчлик, ҳамкорлик, барқарорлик ва тараққиёт йўлини танлаган янги мустақил мамлакатларни бунақа чапани давлат билан узоқ вақт яқин ҳамкорлик қилишига кўзим етмайди. Чунки бизнинг йўлимиз: тинчликсеварлик, инсонпарварлик ва тараққиёт йўлидир.
Конституцияга киритиладиган ўзгартишларнинг кўпчилиги Россия халқларининг ўзига дахлдор бўлса-да, бизга ҳам тегиб ўтадиган томонлари йўқ эмас. Масалан, ундан халқаро ҳуқуқ меъёрларининг Россия қонунчилигига нисбатан устуворлиги ҳақидаги бандлар ўзгартирилиб, умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқий меъёрларга қараганда Россия қонунлари устувор бўлиши ҳақидаги тузатиш киритиш режалаштирилмоқда. Айтайлик халқаро меъёрлар бўйича ҳар бир мамлакатнинг қуруқлик, сув ва ҳаво йўллари бошқа мамлакатлар учун ҳам очиқ бўлиши, улардан фойдаланиш эркинлиги кафолатланиб қўйилган. Халқаро ҳуқуқий меъёрлар иккиламчи даражага тушириладиган бўлса, эртага турли баҳоналар билан бу йўллар ёпиб қўйилиши ҳам мумкин. Тўғри, ҳозир кўп мамлакатлар транзит ва логистика орқали яхшигина даромад олишмоқда. Бироқ Россияда тартиб шунақаки, кўп ҳолатларда сиёсат иқтисодиётдан устунлик қилади.
Нима бўлганда ҳам буюк қўшнимиз хонадонида содир бўлаётган кейинги воқеаларни ижобий баҳолаб бўлмайди. Юқорида қайд этганимиздек, у ерда 2025 йилда катта бурилиш содир бўлиши эҳтимоли бор. Бу энди қанақа ўзгариш бўлади, ҳеч ким айтиб беролмайди.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.