Самарқандликлар шаънига доғ тушираётган дабдаба

Буни алам билан ёзяпман. Чунки мен ҳам самарқандликман!

Кейинги йилларда тарихда бўлгани каби кўҳна ва навқирон кентимиз халқаро алоқалар маркази, туризм дарвозаси, маданият ўчоғи сифатида дунёга қайта танилмоқда. Бироқ бунга акс таъсир кўрсатаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.

Айрим “оғзидан сут таъми кетмаган ёшлар”нинг ликкилаши-ю, бунга ҳамоҳанг тарзда ота-оналарнинг “Боламга-ку, қилсам қилибманда” қабилидаги дабдабали тўйларни ўтказиши омма орасида самарқандликлар шаънига доғ бўлиб, шов-шувларга сабаб бўлаётганлиги аламлимасми?

Бир тўйда бачкана қилиқлар қилиб, даврани хеч кимга бермаган боладан нега бундай қилганлигини сўраганимда саволимга сўроқ гапли жавоб олдим.

- Акажон, ота-онамнинг кўз олдида ўйнаяпман-ку, улар индамаганда сизга нима?

Ёқа ушладим. Агар унинг гапи рост бўлса, ота-оналар ўз боласининг “маймунларча” қилаётган қилиқларига жимгина томошабин бўлиб, қараб турган бўлса, мен нима ҳам дердим!? Юрагим эзилди.

Глобаллашув даврида, сунъий интеллект барча соҳаларни эгаллаётган бир вақтда биз “Ҳай оши”, “Сарпо очди” “Фотиҳа”, “Сомса”, “Базм”, “Чақирди” ва шунга ўхшаш 20 га яқин (балки ундан ҳам кўпдир) тадбирларни ўтказиб юрибмиз. Шу керакми бизга?! “Удумимиз бу, одамлар қилар экан мен ҳам бу каби “амалларни” бажаришим зарур”, деб юришимиз ва энг ёмони йиллар давомида пешона тери билан йиғилган, камида 250-300 миллион сўмлик маблағни сарфлашимиз тўғрими?!

Ҳақли савол туғилади, сарфланаётган ушбу пуллар асли қаердан келяпти? Нега бу маблағни фарзандларимизнинг келажаги учун инвестиция сифатида сарфламаймиз?

Замон шиддат билан ривожланаётган бир вақтда орттирган маблағимизни дабдабали тўй қилиш ўрнига маҳалламиздаги болаларнинг ҳаётда қоқилмаслиги учун таълим олишига шароит яратсак, йўллар ва кўприклар барпо қилишга сарфласак яхшимасми?! Одамлар, келажак авлод сизни йиллар, асрлар давомида эслаб юришини истамайсизми? Буни қилган бир кунлик дабдабали тўйингизга алмашяпсиз. Тўй бир кун борингки, уч кун эсланар, бироқ бир ойдан кейин хеч қачон ёдга олинмайди. Аммо ёшлар таълимига сарфлаган маблағингиз, инвестициянгиз, ўзингизга бир неча баробар бўлиб қайтиши рост.

Устига-устак, бу каби ортиқча сарф-харажатлар билан “ким ўзар”га ўтказилаётган тўйларнинг, исрофгарчиликларнинг ҳам жавоби бордир.

Қадрдонлар, самарқандликлар, илм-фанда, тадбиркорликда, спорт ва бошқа кўпгина соҳаларда вилоятимиз вакиллари бошқаларга ўрнак бўлган. Келинглар, ихчам тўй ўтказишдаям намуна бўлайлик!

Ғофиржон Бобобеков.