Олий таълим вазирининг барча ўринбосарлари ишдан озод этилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари ишдан олингани эълон қилинди.
–Тўғри, мактабгача ва мактаб таълимида ўзгаришлар бўляпти, дастурлар ишлаяпти, натижалар бор. Лекин касб-ҳунар ва олий таълимга масъул мутасаддилар ҳалигача таълимдаги ислоҳотлар мазмунини тўлиқ тушуниб етгани йўқ, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг барча ўринбосарлари – биринчи ўринбосар Шохруҳ Далиев, ўринбосарлар Отабек Маҳкамов ва Сарвархон Бузрукхонов ишдан олингани эълон қилинди.
Шунингдек, Президент фармони ва қарори билан Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Адхам Худайкулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги директори Шароф Ражаббаев лавозимидан озод этилди.