Мадҳияни ҳурмат қилмайдиганларни бизнес-форумга таклиф этиш хато эмасми?

Сарлавҳани шундай қўйишимга яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро бизнес-форум ва у ердаги ҳолат сабаб бўлди.

Форумнинг нуфузи баланд эди. Унда икки давлат ҳукумати, Савдо-саноат палаталари аъзолари, нуфузли компаниялар вакиллари ва йирик тадбиркорлар жам бўлди. Биз учун эътиборли томони – ушбу давлат эндигина биз билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўз бозорида ўзбекистонлик тадбиркорларга кенг ўрин, шу билан бирга имтиёз ва имкониятлар бериш ниятида экан.

Дастлаб Тошкентда икки давлат ишбилармонларининг форуми ўтказилди, кейин Самарқандда шундай анжуман ташкил этилди. Самарқанддаги форумда вилоят тадбиркорлари билан бирга қўшни вилоятлардан ҳам йирик ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатиш тармоқлари вакиллари қатнашди. 

Одатда, бундай анжуманларга бозорда ўз ўрнини топган, хорижий давлатларга ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф эта оладиган ёки шу ниятдаги тадбиркорлар таклиф этилади. Чет мамлакатларда ўтказиладиган бизнес-форумларда ҳам шундай тадбиркорларимиз қатнашганига кўп гувоҳ бўлганман.

Хуллас, номдор меҳмонхонанинг катта залида 300-350 кишига жой ҳозирланган, ҳар бир иштирокчи учун стол устида қоғоз-қалам, сув, синхрон таржима учун қулоқчингача қўйилган. Гарчи ташқари совуқ бўлса-да, зал ичида мўътадил ҳарорат таъминланган, бемалол енгил кийимда ўтириш мумкин эди. Аммо айрим иштирокчилар меҳмонхонада устки кийимларни қолдирадиган жой бўлишига қарамай пальто ва пўстинларини ўзи ўтирган стулга ташлаб қўйиб ўтирганди. Албатта, ноқулай бўлган бу ҳолат форум ташкилотчилари эътиборидан четда қолмади ва улар ўша иштирокчилардан кийимларини ташқаридаги махсус жойга қўйиб келишларини сўрашди. Бундай гапни эшитганлар хижолат бўлиб, узр сўраган ҳолда ташқарига чиқишар, деб ўйлагандим. Хато қилган эканман, улар “бир мен эмас, бошқалар ҳам шундай ўтирибдику” деб гўё ҳақлигини исботлаётгандек тутди ўзларини.

Залда бўлганларнинг баъзилари эса қўл телефонини овозсиз режимга қўймагани етмагандек, шу ерда қўнғироқларга жавоб бериб, бемалол, баланд овозда гаплашиши ҳам атрофдагиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди.

Ана шундай кўнгилхиралик билан бошланган тадбир аввалида икки давлат мадҳиялари янграши эълон қилинди. Ҳамма ўрнидан турди. Мамлакатимиз давлат мадҳияси жаранг сочди. Тегишли қонунга кўра, давлатимиз мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, ҳозир бўлган кишилар, яъни юртдошларимиз мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглаши лозим. Бу ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи ҳисобланади. Бундай пайтда мадҳия биргаликда ижро этилса қандай чиройли манзара, муҳит ҳосил бўлишига ҳам кўпчилигимиз амин бўлганмиз.

Афсуски, бу галги форумда мадҳия янграётганда залда бўлганлар орасида қўлини кўксига қўймаганлар ҳам, ён-атрофга олазарак қараётганлару қўл телефони билан овора бўлганлар ҳам бор эди.

Кейин ҳамкор давлат мадҳияси мусиқаси янгради. Ана шунда меҳмонларнинг барчаси виқор билан туриб ўз давлати қўшиғини пичирлаб бўлса-да айтаётгани, экрандаги давлат байроғига ғурурла боқиб турганини кўриб, тўғриси, бир лаҳза олдинги ўзимизнинг ҳолатдан уялдим ва айни чоғда уларга ҳавас қилдим...

Биз заминимиз қадимдан цивизилизация маркази бўлгани, Ипак йўлининг чорраҳаси сифатида Ғарб ва Шарқни боғлагани, аждодларимиз эса савдо-сотиқ, тадбиркорлик бобида бошқа юрт савдогарларига ибрат бўлганидан фахрланиб гапирамиз, савдо-сотиқ билан бирга маданият юксалганини айтамиз.

Бугун-чи? Мамлакатимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратилгани, ишбилармон халқимизнинг бу борадаги салоҳияти юзага чиқаётгани ҳақиқат, бундан ғурурланамиз, албатта. Бошқа мамлакатларни билмадим, лекин бизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан расман “Тадбиркорлар куни” белгиланган. Бу соҳа вакилларининг эркин фаолият кўрсатиши учун шахсан Президент кафил бўлмоқда ва улар билан ҳар йили бевосита мулоқот қилиши анъанага айланди. Ва бу эътиборга муносиб бўлган кўплаб тадбиркорларимиз нафақат юртимиз, ҳатто хорижда ҳам танилиб, ўз ўрнини топмоқда ва Ўзбекистонни, ўзбек ишбилармонларининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқда.

Чет эллик инвесторларни биринчи навбатда, юртимиздаги қулай тадбиркорлик муҳити, адолатли қонун ва тартиб-қоидалар қизиқтиради. Шу билан бирга улар ўзлари ҳамкорлик қилмоқчи бўлган тадбиркорнинг ишбилармонлигидан ташқари қанчалик ватанпарварлиги, ўз юрти ва юртдошларини севишини ҳам эътиборга олади.

Хорижий давлатлардаги иқтисодий форумлар, кўргазмаларда мунтазам қатнашиб юрган раҳбарлардан бири “Чет эллик тадбиркор билан гаплашганингизда унинг тилини билмасангиз сиз билан таржимон орқали суҳбатлашишдан оғринмайди, лекин юзингизда табассум бўлмаса, Ўзбекистон ҳақида етарли маълумот бера олмасангиз ва ғурурингиз бўлмаса сизга ишонмайди ва ҳамкорлик қилмайди” деганди.

Назаримда, мана шу фикр ҳам тадбиркорларимиз учун қайсидир маънода огоҳлантиришдек гап.

Яқинда Самарқанд шаҳридан Тойлоқ туманига кираверишда 7-8 метрли металл устунда юртимиз байроғи илиб қўйилгани эътиборимни тортди. Йўл-йўлакай маҳаллалар, кичик корхона ва ташкилотлар олдида ҳам байроқ илинган устунларни кўрдим. Тўғри, ҳозир ҳар бир хонадон эшиги олдида давлатимиз байроғини ўрнатиш мумкин. Илгари фақат ҳокимлик ёки бошқа давлат идоралари биноси тепасида ёки пештоқида давлат байроғи ўрнатилишига ўрганиб қолганимиз учун кичик муассасалар, корхоналар олдидаги бундай манзара кўзимга бошқача кўринди, лекин кўнглимда ғурур уйғотди. Йўл устидаги кичик бир ишлаб чиқариш цехи биноси олдида ҳам байроқ ўрнатилганини кўриб, тадбиркордан бунинг боисини сўраганимда у шундай жавоб берди:

– Яқинда маҳалламиздан бир қизни Туркияга келин қилиб олиб кетишди. Бизда келинни уйдан олиб чиқишаётганда бошига кашта ташлаб қўйишади. Қизнинг яқинлари шу одатни қилиб, кашта ташлаганларида туркиялик қудалар келиннинг бошига ўзлари билан олиб келган Туркия байроғини ташлашди ва “энди у бизнинг ватандошимиз ва Туркиянинг ҳимоясида бўлади”, дейишди. Қаранг, оддий бир инсоннинг давлат ҳимоясида эканлигини билдириш учун унда байроққа нисбатан ҳурмат, ғурур уйғотишяпти. Шундан кейин нега энди мен тадбиркор сифатида ўз давлатим муҳофазасида эканлигимни билдириш учун байроқ ўрнатмаслигим керак, дедиму бино олдига байроғимизни илиб қўйдим.

Ўзбекистонни намоён этадиган бизнес-форумларга, нуфузли анжуманларга ана шундай фикрдаги тадбиркорлар қатнашиши керак эмасми?

Ғолиб ҲАСАНОВ.