Самарқандда “Ўзбекистон - Канада” биринчи парламентлараро форуми ўтказилади
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Канада Жамоатлар палатасидаги “Канада-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Зияд Абуолтаиф билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг қатъий ўзаро манфаатдорлиги қайд этилди.
Ўзбекистон парламенти делегациясининг 2025 йил 26-27 ноябрь кунлари Канадага ташрифи ҳамда Канада парламентида Ўзбекистон кунининг муваффақиятли ўтказилгани юқори баҳоланди.

“Ўзбекистон - Канада” биринчи парламентлараро форумини 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, Канада делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида савдо-инвестициявий ҳамкорлик, жумладан, муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, тоза энергетика, таълим ва инновациялар соҳаларида қўшма “Ўзбекистон - Канада” бизнес форумини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Канада ўртасидаги парламентлараро мулоқотни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини таъкидлади.