Экоакция: “Бир гумбаз остидамиз”

Пастдарғомлик ўқитувчи, тарих фани бўйича мустақил тадқиқотчи Акмал Ҳамраев юртимизни обод ва яшил маконга айлантириш йўлида янги ташаббус билан чиқди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида илгари сурилган “Бир гумбаз остидамиз” акциясида тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжолар атрофига турли дарахт уруғлари экилмоқда. Бу эса акциянинг ўзига хос ва самарали жиҳатларидан бири ҳисобланади.

- Уруғдан униб чиққан дарахтнинг яшовчанлиги юқори бўлади ва у ўша ҳудуд иқлимига мос ҳолда ўсади, - дейди А.Ҳамраев. - Бу ташаббус орқали нафақат табиатни асраш ва юртимизни обод қилиш, балки аҳоли, айниқса, ёшлар орасида экологик маданиятни шакллантириш, тарихий обидалар, ота-боболаримиз қолдирган бой маънавий меросни асраб-авайлашни мақсад қилганмиз.

Акция дастлаб Самарқанд вилоятида бошланган бўлиб, республикамизнинг турли ҳудудларидаги тарихий қадамжолар, муқаддас масканлар атрофида давом эттирилмоқда. Айни пайтда Қашқадарё вилоятидаги қатор қадамжоларда кўчат ва уруғ экиш ишлари амалга оширилиб, тарихий масканлар обод қилинмоқда. Бу хайрли ишларда кўнгиллилар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, Акмал Ҳамраев дарахт уруғларини ўз ҳисобидан экяпти.

Хуллас, акция табиат ва тарих уйғунлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда уларни кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб этишга хизмат қилмоқда.