Зеленский Абу-Дабидаги музокараларга рози: Трампни ғашига тегмаса бўлгани
Украина президенти Владимир Зеленский Абу-Дабида ўтказилаётган музокараларга розилик берди. Financial Times сиёсий шарҳловчиси Гидеон Рахман фикрича, бу қарор Киевнинг кучли ташқи босим остида қолгани билан боғлиқ.
Муаллифнинг таъкидлашича, Зеленский учун муҳим омиллардан бири — АҚШ президенти Дональд Трампни ғашига тегмаслик.
Ҳозирги босқичда музокаралардаги энг асосий тўсиқ — ҳудудлар масаласи. Россия президенти Владимир Путин учун ҳудудий ютуқлар урушдаги “ғалаба” шарти сифатида кўрилади. Украина ва унинг иттифоқчилари эса ерларни беришда тажовузни рағбатлантириш ва келажакда янги босқинларга йўл очиш, деб баҳоламоқда.
Кеча Владимир Зеленский Украина томони шу ҳафта Бирлашган Араб Амирликларида янги уч томонлама учрашувлар ўтказишини маълум қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ, Украина ва Россия вакиллари иштирокидаги Абу-Дабидаги мулоқотлар “конструктив”, аммо ҳозирча жиддий ютуқларсиз кечмоқда. Томонлар ўт очишни тўхтатиш, хавфсизлик кафолатлари ва сиёсий келишувлар масаласини муҳокама қилмоқда, бироқ асосий келишмовчиликлар сақланиб қоляпти.
Россия томони, хусусан, Донбасс устидан тўлиқ назоратни шарт сифатида илгари сурмоқда. Украина эса бундай талабларни қатъий рад этмоқда ва ҳудудий яхлитликдан чекинмаслигини таъкидлаяпти.
Таҳлилчилар фикрича, Абу-Дабидаги музокаралар ҳозирча урушни яқин орада тўлиқ тугатиши амримаҳол. Бироқ улар томонлар ўртасидаги мулоқотни сақлаб қолиш ва янги эскалациянинг олдини олиш учун муҳим дипломатик майдон сифатида қаралмоқда.