Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича Самарқанд тажрибаси бўлади
Вилоят ҳокимлигида давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Бош вазир ўринбосари – оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ҳамда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоят, туман ва шаҳар сектор бошлиқлари, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари мутасаддилари, Миллий гвардия, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари қатнашди.
Йиғилишда қарор ижросини таъминлашда вилоятимизга масъул бўлган Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ушбу ҳафтада туман ва шаҳарларда олиб борилган ўрганиш ишлари натижалари, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидландики, қарор талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳар бир туман ва шаҳарда бажариладиган ишлар аниқланиб, вилоятда мавжуд 1126 та маҳаллага оид йўл хариталари тасдиқланган. “Қизил” тоифага тушган 156 маҳаллага масъул сектор раҳбарлари бириктирилган.
Вилоятимиз маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими яратилади. Масалан, Ургут туманида “Хавфсиз ва рақамли маҳалла”, Тойлоқ ва Паст Дарғом туманларида “Намунали хавфсиз кўча”, Булунғур туманида “Хавфсиз бозор”, Самарқанд шаҳрида “Хавфсиз бекат”, Оқдарё туманида “Хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” бўйича намунали тизимлар йўлга қўйилади.
Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика кичик инспекторлари, миграцион профилактика бўлинмалари, маъмурий амалиёт гуруҳлари ва профилактика бош инспекторлари лавозимларини жорий қилиш ҳамда тегишли штат бирликларини шакллантириш вазифаси топширилди. Бу жараёндаги ишни ташкил этишда Самарқанд шаҳридаги Боғисарой маҳалласида ишга туширилган “Ҳуқуқ-тартибот маскани” намунасидан фойдаланиш белгиланди.
Йиғилишда сектор раҳбарлари ва бошқа масъулларнинг ахборотлари эшитилди. Ҳудудларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.