Маждиддин Навоийнинг ашаддий рақиби бўлган (ми?)
Буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти турфа зиддиятлар, қарама-қаршиликларга бой. Буюк истеъдод соҳибининг ўзига яраша рақиблари бўлгани сир эмас. Улардан бири Султон Ҳусайн Бойқаронинг вазирларидан бири Маждиддин Муҳаммад эди.
Ҳазрат Навоий ҳақидаги фильмларда, спектакл ва бадиий асарларда Маждиддин образига бир неча бор дуч келгансиз, албатта.
Масалан, 1947 йил суратга олинган “Алишер Навоий” бадиий фильмида Маждиддиннинг найранги билан Навоийнинг суюкли шогирди Мўмин Мирзо қатл этилади. “Алишер Навоий” спектаклида эса шоирнинг севгилиси Гулини Маждиддин саройга келтириб, Султон Ҳусайн Бойқарога туҳфа қилади. Ойбекнинг “Навоий” романида ҳам Маждиддин шоирнинг энг ашаддий рақибларидан бири сифатида тасвирланади.
Аммо, бадиий асарлар ўз номи билан бадиий тўқималарга бой бўлишини унутмаслик лозим. Келинг, мавжуд манбалардаги маълумотлар асосида бу тарихий шахс ҳаётига бироз ойдинлик киритайлик.
Ота изидан бориб...
Хожа Маждиддин Муҳаммад Хавофий тахминан 1430-1440 йиллар оралиғида Ҳиротда машҳур давлат арбоби Пир Аҳмад Хавофий оиласида туғилган. Хавофий Шоҳруҳ Мирзонинг вазири бўлган.
Маждиддин Муҳаммад Абу Саид даврида оддий мирза, сўнгра Ҳусайн Бойқаронинг жияни Мирзо Муҳаммад Султоннинг вазири бўлган. Султон Ҳусайн Бойқаро 1472 йилда Маждиддин Муҳаммадни ўз саройига чақириб, парвоначи (фармон ва ёрлиқлар ижроси бўйича масъул шахс) мансабига ўтқазган. Маждиддин сарой ва мамлакатдаги ишлар хусусида султонга ахборот берар, қабул қилинган қарорларни ёзиб олар ва ўз муҳрини султон муҳри билан ёнма-ён қўярди, шу туфайли ҳукмдорларнинг ноиби ҳисобланган.
Заҳирриддин Муҳаммад Бобур Маждиддиннинг вазирлик мақомига кўтарилишини бир воқеа билан боғлайди: Ҳусайн Бойқаро кунларнинг бирида девон маъмурларини чақириб, катта миқдорда пул кераклигини айтади. Девон маъмурлари хазинада бу қадар пул қолмаганини билдиришади. Бу суҳбатни четдан кузатиб турган Маждиддин мийиғида кулимсирайди. Буни кўриб қолган Ҳусайн Бойқаро кулгининг боисини сўрайди.
Маждиддин таъзим бажо келтириб: “Подшоҳим, агар вазифа ва имкон берсалар, пул ташвишидан сизни қутқарган бўлур эдим” дейди.
Ҳусайн Бойқаро шу кундан бутун Хуросон мулкининг молиявий ишлари устидан назорат қилишни Маждиддинга юклайди. Бобурнинг фикрича, айнан Маждиддиннинг уддабуронлиги оқибатида хазина ҳам тўлдирилади, мамлакат ободлиги ҳам таъминланади.
Навоий ва Маждиддин
Дарақиқат, Маждиддин Муҳаммад билан Алишер Навоийнинг муносабатлари мураккаб эди. “Бобурнома”да “Алишербек бошлиқ жамиъ беклар ва аҳли мансаб била зиддона маош қилди, бу жиҳаттин барча анинг билан ёмон бўлдилар” деб ёзади. Бундан кўришимиз мумкинки, Маждиддин нафақат ҳазрат Навоий, балки унинг тарафдорлари бўлган барча мансабдорлар, беклар ва амирлар билан ёмон муносабатда бўлган.
Алишер Навоийнинг Ҳиротдан Астрободга юборилишда ҳам Маждиддиннинг қўли борлиги аён. 1487 йилда Алишербек Астробод ҳокими этиб тайинлангач, Маждиддин яна подшоҳга яқинлашади. Шу тариқа Маждиддин Муҳаммадга кенг ваколатлар берилади: унга ҳукмдор номидан муҳр босиш, барча ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилади. Маждиддин Муҳаммад «салтанат ва подшоҳликнинг ишончли кишиси» унвонига эга бўлган. Амалдорлар порахўрликлари учун жавобгарликка тортилган ва қисқа муддат ичида улардан 2000 туман пул тўплаб олинган.
Алишербек 1490 йилда Ҳиротга қайтгач, Маждиддин Муҳаммаднинг таъсири заифлаша бошлаган. Балхда Дарвешали қўзғолон кўтарганлиги ҳақидаги хабар Ҳиротга етиб келганда, султон Ҳусайн Бойқаро давлат манфаатларини кўзлаб, Маждиддинни вақтинча ҳокимиятдан четлаштиради.
Кўп ўтмай, сарой вазирлари Низомулмулк ва Хожа Афзал биргалашиб, Маждиддин Муҳаммадга қарши фитна қўзғатишади. Султонга уни қоралаб, давлат маблағларини ўзлаштиришда айблашади. Маждиддин Муҳаммад барлос беклари ёрдамида султон қабулига киришга муваффақ бўлади, у ҳукмдорга 20 минг динор пешкаш қилади, лекин орадан бир неча кун ўтгач, барлос беклари ва Маждиддин биргаликда ҳибсга олинади.
Сарсону саргардон...
Маждиддин гарчи Навоийга нисбатан рақиб кўзи билан қарагана бўлса-да, ул зотнинг устози Абдураҳмон Жомийга нисбатан эҳтиром кўрсатган. Чамаси, Жомий Маждиддиннинг отаси Пир Аҳмад Хавофий билан яқин дўст бўлган.
Навоий “Ҳамсатул-мутаҳаййирин” асарида ёзишича, “Маждиддин Муҳаммад дунёга машҳур, уни таърифлашга эҳтиёж ҳам йўқ. Ҳусайн Бойқаронинг ғазабига учрагач, унинг гуноҳини бўйнига оладиган кафил топиш сўралади. У (Маждиддин) Жомийнинг қошига ялиниб боради. Ҳазрат унинг учун кафилликни бўйинларига олгач, Маждиддин қочиб кетади. Аммо ўн беш кун ўтмай у қўлга тушади. Бутун мол-мулки мусодара қилинади. Шаҳардан бош олиб кетади".
Маълумотларга кўра, Маждиддин барча гуноҳларни ўз бўйнига олган. Унинг мол-мулки тафтиш қилинганда ҳеч ким кутмаган нодир, қимматбаҳо буюмлар топилган. Маждиддин бир қанча тўлов шартномаларга имзо чеккач, озод қилинган. Тахминан 1492 йилда Маждиддин румликлар карвони билан Кирмонга қочади, у ердан Маккага, ҳаж зиёратига жўнайди, бироқ манзилга ета олмай, йўлда, Арабистон яриморолидаги Тобук деган жойда вафот этади.
Рустам Жабборов.