Мактаб-интернатда Халқаро ногиронлар куни байрам тадбири кенг нишонланди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги қарорига асосан ҳар йили республикамизда “3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни” байрам сифатида кенг нишонланади. 

Бутун дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғида, яъни етти кишидан камида биттасида муайян бир турдаги ногиронлик мавжуд. Барча ногиронларнинг 100 миллиондан ортиғини болалар ташкил этади. Ҳаётда кўнгли кемтик, меҳрга муҳтож, ногирон болаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. 

Самарқанд шаҳридаги 61-эшитишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида вилоятимизнинг барча туманларидан жами 425 нафар эшитишда қобилиятини йўқотган 6 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар таълим-тарбия олиб келмоқда. 

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мактаб-интернатда катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви, “Соғлом авлод” жамғармаси вилоят бўлими ва турли таълим муассасалари жамоалари иштирок этиб, мактаб-интернат болаларини байрам билан қутлади ҳамда уларга совғалар улашди. 

Шунингдек, саховатпеша ҳамюртимиз Жўрабек ака муассасанинг якка тартибда таълим олиб ўқийдиган ўқувчиси К.Бахруллаевага ногиронлик аравачаси совға қилди.

Мана шундай имконияти чекланган инсонлар ҳолидан доим хабардор бўлиб туриш ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз. Шунда инсон ҳар оннинг, соғлиқнинг қадрига етишни ўрганади.

Байрам тадбири болажонлар қалбига шодлик улашди. Бугун кечагидан оқибатли бўлайлик.

Ойширин ШОДИЕВА,

Самарқанд шаҳар 61-сон эшитишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари.