Мактабларда мобил телефон тақиқланадими?
Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган мобил телефон нафақат вақтимизни, балки диққатимизни ҳам ўғирлар экан. Буни аллақачон англаб етган Жанубий Корея, Янги Зеландия, Нидерландия, Австралия, Норвегия, Италия каби давлатлар мактабларда болаларнинг мобил телефондан фойдаланишини чеклади.
Ҳақиқатда, одамлар орасида мобил телефонга қарамлик кучайиб боряпти. Ҳозир гўдаклар ҳам телефонни қўлига олса, йиғидан тўхтаяпти. Мактаб ўқувчилари эса телефонсиз дарсга бормаяпти. Хўш, нима учун? Ота-оналар фарзандининг хавфсизлигини баҳона қилиб, боланинг қўлига телефон беряпти. Телефон фақат сўзлашув мақсадида бўлиши керак. Бироқ бугунги мобил телефонлар сенсорли, интернет тармоғига уланган. Оддий қўл телефонини деярли ҳеч кимда учратмайсиз. Хусусан, мактаб ўқувчиларида ҳам. Хуллас, бугун етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамманинг қўлида телефон. Усиз кундалик ҳаётимизни тасаввур қилолмай қолдик.
Эътибор берганмисиз, катталар бир кунда юз марталаб телефонни қўлига олади, диққатини телефонга қаратади. Энди ўзингиз ўйланг: бола телефон билан мактабга борса, у дарсда неча марта телефонга қарайди? Бола дарсларни диққат билан тинглайдими? Албатта, йўқ.
Келинг, оддий тадқиқот ўтказамиз. Мактаб ўқувчиларидан бир йил олдин адабиёт фанида ёдлаган шеърларини сўранг, айтиб беролмайди. Олтмиш-етмиш ёшдаги кишилар эса мактабда ёд олган шеър ва ғазалларини бемалол айта олади. Ишонмасангиз, шу ёшдаги ота-онангиз ёки бобо-бувингиздан сўранг. Гапларим қанчалик ҳақиқат эканига амин бўласиз. Сабабини ўзингиз ҳам англадингиз. Ижтимоий тармоқларга қарамлик ёшларнинг хотираси сусайишига олиб келяпти. Бунга истаганча мисоллар келтириш мумкин.
Хўш, нега Ўзбекистонда ўқувчиларга мактабда телефондан фойдаланиш тақиқланмаяпти?
Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 21 майдаги “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланган. Унга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи телефоннинг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Шунингдек, ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин таълим олувчи телефонини ўчириб қўйиши керак. Таълим олувчилар деганда олий таълим муассасаларидан тортиб, техникум, академик лицей ва умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини тушуниш лозим.
Мазкур қарорга кўра, таълим олувчиларнинг телефонни бўйнига осиб олиши, кўкрак чўнтакларида, шим ва юбка чўнтакларида ва шу каби жойларда сақлаши, телефонни зарядлаш учун таълим муассасасининг электр тармоқларига улаши қатъиян тақиқланган.
Ўқув машғулотлари вақтида телефон орқали сўзлашиш, SMS, MMS ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш, телефонни стол устига қўйиш, мусиқа, шу жумладан, қулоқчинлар орқали тинглаш ҳам мумкин эмас. Бироқ бу талаблар таълим даргоҳларида мобил телефондан фойдаланишни буткул тақиқламайди.
Бугун фақат Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда айрим хусусий мактаблар ўз ички тартиб-қоидаларига кўра, мобил телефонларни тақиқлаб қўйган. Бундай мактабларда ўқувчилар эрталаб мобил телефонларини махсус жойга қўйиб, дарсга киради. Сўнгра дарслар тугагач, болалар уйларига қайтишда телефонлари қайтариб берилади. Шунинг учун ҳам Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари юқори натижаларга эришяпти.
— Мактабимизда ўқувчиларга телефон ишлатиш тақиқланган, — дейди Оқдарё туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Темур Тувалов. — Кун бўйи мактабда бўлган ўқувчига қўл телефони фақат халақит беради, яъни фикри-хаёли телефонда бўлади. Шунинг учун мактабга мобил телефон олиб келиш мумкин эмас. Ота-оналар ҳам бу ҳақда огоҳлантирилган.
Мобил телефонлар умумтаълим мактабларида ҳам буткул тақиқланиши керак. Бундай тақиқдан кейин ўқувчининг дарсга бўлган диққати ошади, телефонга қарам бўлиб қолган болалар ҳақиқий ҳаётга мослашади. Шунингдек, қимматбаҳо телефонини мақтаб, ўзини бошқа болалардан устун қўяётган ўқувчиларнинг попуги бироз пасаяди. Табақаланишнинг олди олинади.
Нафақат мактабда, балки олий таълим даргоҳларида ҳам талабалар мобил телефони билан мақтанар экан. Яқинда бир танишим айтиб қолди: “Қизим туғилган кунига сўнгги русумдаги “iPhone” олдирди. Институтда ҳамма дугоналарининг телефони шунақа эмиш”. Биргина шу ҳолатдан ҳам тегишли хулоса чиқариш мумкин.
Яқинда яна бир ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Ёш она кечаси ухлай олмай қолиб, шифокорга келибди. Дўхтир сабабини текширса, аёл кун бўйи телефонда хориждаги яқинлари ва танишлари билан видео орқали гаплашар ёки ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтираркан. Хуллас, телефондан ажралмас экан. Охир-оқибат у кечқурун ухлай олмай қолибди.
Худди шунга ўхшаган ҳолатни ижтимоий тармоқларда бир дўхтир айтиб берди. Унинг қабулига ёш йигитлар асабий бўлиб қолганидан нолиб келаётган экан. Сабаби, йигитлар кечаси ухламасдан ижтимоий тармоқларда ўтиргани учун асабий бўлиб қолаётган экан. Бундай мисолларни юзлаб келтиришимиз мумкин. Катталарни қарам қилиб қўяётган телефон балосидан болаларни вақтида қайтаришимиз керак.
Мактабларда телефонни тақиқлаш боланинг ҳам соғлиғига, ҳам қобилиятига ижобий таъсир кўрсатади. Буни мутахассисларнинг хулосаларидан ҳам билишимиз мумкин. Юқорида номлари келтирилган давлатлар бежизга мактабларда телефондан фойдаланишни тақиқлаб қўймаган.
Хўш, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда тақиқланаётган мобил телефон нега умумтаълим мактабларида тақиқланмаяпти? Икки таълим вазирлиги бирлашиб, янгидан ташкил қилинган Таълим ва илм-фан вазирлиги бу муаммонинг олдини олиш чорасини кўрадими?
Хуршида ЭРНАЗАРОВА