Мактабларда Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича амалий ишларга ўтилди

Бугунги кунда вилоятимиз умумтаълим муассасаларида Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини тўкис шакллантириш мақсадида 44 та таянч мактаблар ташкил этилган.
Мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, тизимда халқаро талабларга мос ислоҳотларни амалга оширишда ушбу тадқиқотлар муҳим эканлиги инобатга олиниб, устозлар ўртасида тажриба ва малака ошириш курслари, маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Оқдарё туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Халқаро баҳолаш дастурларида муваффақиятли иштирок этиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги вилоят ўқув-амалий семинарида ҳам айни шу вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар умумтаълим мактабларининг малака ва тажрибага эга фан ўқитувчиларининг бошланғич ҳамда юқори синфларда табиий ва аниқ фанлар бўйича очиқ дарслари билан бошланди. “Жалолиддин Мангуберди” ҳамда “Чумчуқ ва чумоли” мавзусидаги бошланғич синфларда, “Антарктида материги, географик ўрни”, “Сувнинг физик ва кимёвий хоссалари”, “Сувда ҳамда қуриқликда яшовчилар”, “Квадрат тенглама” мавзусидаги юқори синфларда ташкил этилган очиқ дарсларни 44 та таянч мактаблардан ташриф буюрган фан ўқитувчилари, директорлар, халқ таълими бўлимларининг методистлари кузатиб, таҳлил қилиб боришди. Ҳар бир очиқ дарс ниҳоясида ўқувчи ўзлаштирган билим ҳамда уни ҳаётда қўллай олиш кўникмалари, ўқитувчи маҳорати нуқтаи назаридан таҳлил этилди. Ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилди. Ўқитувчилар ҳамда фан методистлари томонидан Халқаро баҳолаш дастурларида муваффақиятли иштирок этиш учун топшириқлар ишлаб чиқилди.
Шундан сўнг ўқув-амалий семинарнинг ялпи йиғилиши бошланди. Унда Халқаро тадқиқотларга тайёгарлик кўриш бўйича вилоят координатори, вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайрат Бобохоловнинг тайёргарлик бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишларга бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди. Унда фан ўқитувчилари, таянч мактабларнинг директорлари, методистларга зарур тавсиялар берилди. Оқдарё тумани халқ таълими бўлими бошланғич таълим фани методисти М.Рўзимуродова “PIRLS тадқиқотларида фойдаланилган матн ва топшириқлар”, табиий фанлар методисти Д.Абдураимова “Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш”, Оқдарё туманидаги 45-умумтаълим мактабининг тренер ўқитувчиси Ж.Арипов “Халқаро тадқиқотлар бўйича Оқдарё туманидаги таянч мактабларда олиб борилаётган ишлар” мавзуларида тақдимотлар қилишди. Семинар қизғин савол-жавоб, баҳс-мунозаларга бой бўлди.
Семинарда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов якуний хулосалар бўйича тўхталиб, бу борадаги муҳим вазифаларни изчил ҳаётга татбиқ этиш, ўқитувчиларнинг виждонини уйғотиб, изланишга, ўз устида ишлашга чорлаш вилоят халқ таълими тизимининг эртанги кунини белгилаши, юртимизда таълим тизимининг халқаро стандартларга мослашишига хизмат қилишини эътироф этди. Бу борада ўзининг муҳим таклиф ва тавсияларини бериб, ёш ва билимли ўқитувчиларнинг илғор фикрлари, ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш, бу бўйича ўқитувчиларнинг малака ва тажрибаларини оширишга бағишланган навбатдаги вилоят семинари Пахтачи туманида ўтказилиши белгиланди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.