Малака ошириш тизими рақамлаштирилди
Бугун рақамлаштириш педагогларнинг малака ошириш тизимига ҳам кириб келди. Энди мактаб директори ёки ўринбосари lms.avloniy.uz сайтидан мактабдаги ўқитувчиларнинг қайси бири малака оширишга чақирилаётганини билиб олади.
Шунингдек, педагогнинг ўзига ҳам 20 кун олдин малака оширишга бориши кераклиги ҳақида СМС-хабар келади. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Рақамлаштиришдаги янгиликлардан бири – энди тингловчилар QR кодли давоматдан ўтади, - дейди вилоят педагогик маҳорат маркази бўлим бошлиғи Абдулла Абдуллаев. – Бунинг учун ҳар бир дарс ўтиладиган хона эшигида QR код бўлиб, тингловчилар дарсга киришда уни телефони орқали сканерлаши керак. Шунда унга “Сиз малака ошириш дарсидасиз”, деган СМС келади.
Платформанинг яна бир афзаллиги, унда республикамиздаги барча мактабларда ишлаётган педагогларнинг қачон, неча марта малака оширгани киритилган. Малака ошириш муддати келган педагогларни платформанинг ўзи автоматик равишда малакага чақиради.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 11 минг 210 нафар педагог малака оширган. Шунингдек, марказ томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 та дарслик, 13 та ўқув қўлланма, 18 та услубий қўлланма ва 5 та услубий кўрсатма тайёрланган.