“Мен бу Қуёш олдида бош эгдим ва ҳамон бошимни кўтаролмайман!”
Озарбайжонлик профессор, навоийшунос олима Алмаз Улви Биннатова вилоят кутубхонасида ўтказилиши керак бўлган тадбирга ташрифдан аввал Алишер Навоий Самарқандда пайти юрган йўллардан пиёда юриб, ҳазрат яшаган Фазлуллоҳ Абулайсий хонақосини зиёрат қилди.
Ҳа, вилоят кутубхонасида ўтказилган бу галги китоб тақдимоти бошқаларидан тамоман фарқ қилди. Аввало, навоийшунос олима Алмаз Улви Биннатова қаламига мансуб “Алишер Навоийнинг асри ва насри” номли озар тилидаги ушбу китоб ўзбек китобхонларига илк бор тақдим этилди. Китоб ўзбек тилига мустақил изланувчи Озода Норимова томонидан таржима қилинган.
Тақдимотнинг ютуғи шунда бўлдики, унга Озарбайжондан муаллифнинг ўзи ҳам етиб келди ва иштирок этди. Навоийшунос олимлар, тадқиқотчи изланувчилар, талабалар иштирок этган анжуман буюк мутафаккир Алишер Навоий даври ва меросига саёҳат тарзида ўтди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев анжуманнинг аҳамиятини айта туриб, навоийшунос олимлар, изланувчиларни дур терувчиларга қиёслади:
- “Ёраб, бу жавоҳирларники, манзум этдим,
Чекканим анга ҳар нуктаки, маълум этдим,
Ҳар нуктага бир тарона марқум этдим,
Кўп гавҳар анинг зимнида мактум этдим”, дея Ҳазратнинг ўзи сўзларини орасига кўплаб гавҳар беркитганини ёзиб қолдирган, - деди нотиқ ўз сўзида. – Шу юздан навоийшунос олимлар чин маънода бу улкан меросдан дур, гавҳар излаб топувчи толмас тадқиқотчилардир. Ўзбекистоннинг Музайяна Алавия, Суйима Ғаниева, Дилором Салоҳий каби олималари қанчалик биз учун қадрли бўлса, озарбайжонлик Алмаз Улви хоним ҳам мана шундай, ҳазратнинг улкан хазинасидан дур териб, уни адабиёт ихлосмандларига тарқатувчи чин фидойилардандир.
Тадбирда филология фанлари доктори, профессор Ибодулла Мирзаев кескинроқ фикр билдирди: биз Навоий даҳосини етарлича англаб етяпмизми?
- Туркийлар дунё миқёсида 16 та империя қурган ва ўз навбатида шунча тамаддун яратган давлатлардир, - деди Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Жўлибой Элтазаров. - Ушбу халқларнинг тилини адабиётга олиб кирган улуғ мутафаккир Алишер Навоийдир. Шунинг учун Навоий мероси қўшни туркий мамлакатларда ҳам чуқур тадқиқ этилади, унинг ижодига катта қизиқиш билан қаралади. Биргина Озарбайжоннинг ўзида навоийшунос олимлар сони қарийб ўзбекистонлик олимлар сони билан бир хил экан.
“Алишер Навоий асри ва насри” асари бу фақат мутахассислар эмас, аҳолининг барча қатлами ўқиши керак бўладиган бир энциклопедия бўлибди.
Анжуманда сўзга чиқмоқчи бўлган, ўз фикрини билдирмоқчи бўлган олимлар кўп бўлди. Аммо анжуман қироличасининг сўзини эшитмай кетмаслик мумкин эмасди.
- Туркий адабиётни бир кўм-кўк осмон деб олсак, унда чарақлаган юлдузлар жуда кўп, аммо шубҳасизки, ҳазрат Алишер Навоий бу осмоннинг қуёшидир, - деди Алмаз Улви Биннатова иштирокчиларга самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан. – Мен бу қуёш нурларини англаб бошлаганимданоқ уни ўрганиш ва тадқиқ этишга киришдим. Навоийнинг Афғонистонда жойлашган қабрини зиёрат қилдим, у қурдирган мадрасаларни бориб кўрдим. Ва ҳар сафар бу соҳадаги илмда нимадир янгилик топсам, зиёрат этишга ҳаракат қиламан.
Ўзбек олимлари билан узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қиламан ва бу ҳамкорлик натижасида қатор илмий ишланмалар дунё юзини кўрди. Қолаверса, мамлакатнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирландим.
Анжуманда фикрлар алмашинуви билан бир қаторда, китоблар алмашинуви ҳам бўлди, ёшлар олимлар сабоқларидан баҳра олгани ҳақида сўзлаб беришди. Навоийшунослик фақат дарсларда эмас, мана шундай улуғ олимлар қатнашган давраларда кўпроқ англашилишини таъкидлашди.
Гулруҳ Мўминова.