Миср самолёти Тошкент осмонида нотўғри манёвр қилди
Ижтимоий тармоқларда Мисрнинг FlyEgypt авиакомпаниясига тегишли самолёт парвоз вақтида рухсат берилмаган қайрилишни амалга оширгани акс этган лавҳа тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Транспорт вазирлиги ахборот хизмати содир бўлган авиаҳодиса юзасидан расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 26 май куни Тошкент – Қоҳира йўналиши бўйича FEG 1402 қатновини бажараётган “Fly Egypt” авиакомпаниясининг рўйхат рақами SU TMG бўлган, Boeing-737 русумли ҳаво кемаси экипажи “Тошкент” аэропортидан парвозни амалга ошириш жараёнида нотўғри манёврни амалга оширган.
Айни дамда ушбу ҳолат юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 декабрдаги 505-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиация ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳалокати ва инцидентларини текшириш қоидалари”га мувофиқ авиаҳодиса текширувини ўтказиш юзасидан комиссия тузилди.
Ҳозирда комиссия томонидан ҳолат бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.