МТМ: 2018 йилда боғчаларга қамров 30 фоизни ташкил этди

2018 йилда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагоглар билан таъминлаш ҳамда болаларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Давлат ва нодавлат боғчалар очиш учун тадбиркорларга кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. Бу эса ўнлаб янги мактабгача таълим муассасалари очилишига, болаларнинг боғчаларга қамрови ошишига туртки бўлди.

Жумладан, вилоятимизда 2017 йилда 3-7 ёшдаги болалар 272 680 нафарни ташкил этиб, уларнинг 63 621 нафари (20,9 фоизи) 563 та мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган эди.

2018 йилда эса 305 минг боланинг 90 мингдан зиёди ёки 30 фоизи 637 та мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия олди.

Мактабгача таълим муассасаларини малакали педагоглар билан таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилди. Жумладан, Самарқанд давлат университетида мактабгача таълим факультети ташкил этилиб, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб кундузги, махсус сиртқи ва сиртқи таълим шакл­ларига 445 нафар абитуриент қабул қилинди. 2018 йилда давлат бюджети ҳисобидан 2145 нафар олий маълумотли мутахассис қайта тайёрлаш курсларида ўқитилди.

“Обод маҳалла“ ва “Обод қишлоқ“ дастурлари доирасида 2815 ўринли 29 та мактабгача таълим муассасасида, жумладан, 13 та янги қурилиш, 8 та реконструкция, 7 та мукаммал ва 1 та жорий таъмирлаш ишлари якунланди.

2019 йилда вилоятимизда боғчага қамраб олинмаган 6 ёшли болаларни тўлиқ мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларига жалб этиш бўйича ташкилий-лойиҳавий ишлар амалга оширилмоқда.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.

2018 йилда вилоятимизда 305 минг боланинг 90 мингдан зиёди ёки 30 фоизи 637 та мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия олди.